25.10.2024 10:33

Путин Курск вилоятида 2 минг украин аскари қамалда қолганини эълон қилди

Курск вилоятига бостириб кирган Украина Қуролли кучларининг айрим бўлинмалари “тўсиб қўйилган ва ўраб олинган”, дея маълум қилди Россия президенти Владимир Путин. Унинг сўзларига кўра, 2 мингга яқин украин аскарлари қуршовда.

"Россия армияси бу гуруҳни йўқ қилишни бошлади", - деди у Қозондаги БРИКС саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида.

Путин, шунингдек, Украина кучлари қуршовдан чиқиб кетишга уринаётгани, бироқ уларнинг барча уринишлари муваффақиятсизлигича қолаётганини айтди. Бундан ташқари, у Россия армияси Украинадаги бутун фронт чизиғи бўйлаб олдинга силжишда давом этаётганини таъкидлади. Айни пайтда Украина қўмондонлиги бу баёнотларга расман изоҳ бергани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Украина Қуролли кучлари 6 август куни Россиянинг Курск вилоятига ҳужум бошлаган ва бош қўмондон Александр Сирскийнинг сўзларига кўра, жанговар ҳаракатларнинг биринчи ҳафтасида 100 га яқин аҳоли пунктини эгаллаб, 1300 квадрат километр ҳудудда назорат ўрнатганди. Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотларига кўра, Украина армиясининг назорат зонаси тахминан 1160 квадрат километрни ташкил қилган.

Сентябрь ва октябрь ойларида рус қўшинлари қарши ҳужумга ўтишга ҳаракат қилишди. Октябрь ойи ўрталарида Украинанинг DeepState таҳлил лойиҳасига кўра, Украина Қуролли Кучлари назорати остида 660 квадрат километрдан кўп бўлмаган ҳудуд қолган, яна 360 квадрат километр “кулранг зона” бўлган. Шу фонда Украина президенти Владимир Зеленский Киев Курск вилоятида “буфер зона” яратишга муваффақ бўлганини айтди. Шунингдек, у ушбу босқиннинг стратегик мақсадларидан бири эканлигини ва Украина қўшинлари ўз позицияларини сақлаб қолишда давом этишини билдирди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.