Туркия Жанубий Африканинг Исроилга қарши даъвосига кўра, Халқаро Адлия судига тақдим этилган Ғазо секторидаги геноцид ишида иштирок этишга қарор қилди.
Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Анқарада индонезиялик ҳамкасби Ретна Марсудий билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Фидан Туркиянинг бу жараёнга янги давлатларнинг қўшилиши борасида барча дўст ва иттифоқчи мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорликни давом эттиришини қўшимча қилди.

Вазирнинг таъкидлашича, ҳозирда 136 га яқин давлат Фаластинни тан олади, бироқ Европа давлатлари ва Қўшма Штатлар маъқулламагани сабаб Фаластин мақоми БМТ Хавфсизлик Кенгашида рўйхатга олинмаган. 

Туркия дипломатияси раҳбари халқаро ҳамжамиятни Ғазода содир бўлаётган воқеаларга нисбатан ҳаракатсизлиги учун танқид қилди.

Жумладан, XXI асрда Ғазо секторида одамлар очликдан ўлаётган, Исроил армияси чекинган жойларда оммавий қабрлар, тинч аҳоли, жумладан, аёллар, болалар, касаллар топилаётганда ҳам кутаётганига эътироз билдирди.

Вазирнинг таъкидлашича,  ҳеч бир қонун Исроилнинг Фаластин халқини ўз юртларидан қувиб чиқариш режаларини қабул қилмайди. 

“Биз танлов олдида турибмиз. Ёки қонун ва инсонийликни ҳимоя қиламиз ёки барчамиз Исроил зулмининг бадалини тўлаймиз”, деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 29 декабрда Жанубий Африка Гаагадаги Халқаро судга Геноциднинг олдини олиш тўғрисидаги конвенцияни бузганлик учун Исроилга қарши даъво аризаси билан чиққан. 2024 йил 3 январда Туркия Жанубий Африканинг ҳаракатини олқишлаб баёнот берди. 

Аввалроқ шунга ўхшаш аризалар Никарагуа ва Колумбия томонидан тақдим этилган. Суд ҳозирча ушбу мурожаатларни қаноатлантириш ёки қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилгани йўқ.

Мавзуга алоқадор