19.11.2024 09:30
Трамп тартибсиз муҳожирлар оммавий чиқариб юборилиши ҳақидаги хабарни тасдиқлади
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп мамлакатдаги тартибсиз муҳожирларни оммавий депортация қилиш учун миллий фавқулодда ҳолат эълон қилиш ва бунда ҳарбийлардан фойдаланилишини тасдиқлади.
Трамп Truth ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ўзини белгилаган ва хабарни баҳам кўрган шахсга «Тўғри» деб жавоб берди. Хабарда Трамп маъмурияти миллий фавқулодда ҳолат эълон қилишга тайёрланаётгани, муҳожирларни оммавий равишда мамлакатдан чиқариб юбориш учун ҳарбийлардан фойдаланиш тилга олинган.
5 ноябрда бўлиб ўтган 2024 йилги президентлик сайлови кампанияси чоғида Дональд Трамп XVIII асрда қабул қилинган ҳамда АҚШ билан уруш ҳолатида бўлган мамлакатлардан келган 14 ёшдан ошган барчани ушлаб, мамлакатдан чиқариб юборишни кўзда тутган “Бегона душманлар тўғрисида”ги қонундан фойдаланган ҳолда ноқонуний муҳожирларни оммавий депортация қилишга ваъда берган эди.
Бошқа томондан, Мудофаа вазирлиги йиллар давомида Миллий гвардия орқали тартибсиз муҳожирларга қарши чегара хавфсизлиги миссияларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шу билан бирга, Трамп томонидан билдирилган оммавий депортация режалари билан боғлиқ мумкин бўлган ҳуқуқий, логистика ва бюджет чекловлари ҳақида ҳали ҳам жавобсиз саволлар борлиги таъкидланмоқда.