06.03.2024 09:48

Трамп: АҚШ президенти бўлганимда, Украинада ҳеч қачон можаро бўлмасди

Американинг собиқ етакчиси Дональд Трамп президентлик даврида Россия билан яхши муносабатда бўлганини айтди.

“Путин билан муносабатларим жуда яхши эди”, - деди Трамп Флоридада. Унинг чиқиши RSBN консерватив медиакомпаниясининг YouTube каналида эфирга узатилди.

Шу билан бирга, АҚШнинг собиқ раҳбари, мамлакат президенти бўлганида, Украинадаги можаро ҳеч қачон рўй бермаслигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Россия ва Хитой етакчилари Владимир Путин ва Си Цзиньпин ўз мамлакатларини яхши кўриши ва улар муваффақият қозонишини исташини маълум қилганди, деб ёзади ТАСС.

Америка маъмуриятининг собиқ раҳбари ўзининг оммавий чиқишларида бир неча бор 2024 йилнинг ноябрида бўлиб ўтадиган АҚШ президентлиги сайловларида ғалаба қозонса, Украинадаги вазиятни 24 соат ичида ҳал қилишини таъкидлаган, бироқ қандай йўл билан тинчликка эришишини ошкор қилмаган.

Кўпчилик экспертларнинг фикрича, Оқ уйнинг амалдаги маъмурияти ўзининг муваффақиятсиз сиёсати туфайли қайта сайланмаслигига кўзи етиб, Россия билан муносабатларни шу даражада бузмоқдаки, Трамп ғалаба қозонган тақдирда ҳам, уларни қайта тиклаш мумкин эмас.

Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров CBS телеканалига берган интервьюсида Москва Трамп маъмурияти Украинадаги можарони ўзгартириши мумкинлигига шубҳа қилишини таъкидлаган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.