Тожикистон ТИВ мамлакат ҳудудида Хитой ҳарбий базаси қурилгани ҳақидаги хабарларни рад этди
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ҳудудида Хитойнинг махфий ҳарбий базаси мавжудлиги ҳақидаги хабарларни рад этди.
“Айрим
оммавий ахборот воситаларида Хитой томонидан Тожикистон ҳудудида гўёки ҳарбий
база ташкил этилгани ҳақидаги хабарларга келсак, улар асоссиз эканини маълум
қиламиз. Бу масала тожик-хитой музокаралари кун тартибида бўлмаган ва
йўқ”, - дейилади
хабарда.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лин Жиан ҳам ушбу маълумотни рад этди:
“Сиз
айтган вазиятдан хабарим йўқ, аммо ишонч билан айта оламанки, Хитой доимо
мустақил, тинчликсевар ташқи сиёсат юритиб келган ва Марказий Осиёда ҳеч қандай
ҳарбий базага эга эмас”.
Тожикистон
Мудофаа вазирлиги аллақачон Хитой ҳарбий базасининг республика жануби-шарқида
жойлашгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини маълум қилган.
Аввалроқ
Британиянинг Telegraph газетаси Хитойнинг Тожикистонда, Тоғли Бадахшон мухтор
вилояти Мурғоб тумани Шаймак қишлоғи яқинида махфий ҳарбий базаси борлиги
ҳақидаги материални эълон қилган эди.
Нашр
сунъий йўлдош тасвирларига таянган ҳолда собиқ Иттифоқ давридаги форпост (қоровулхона)
ўрнида, қарийб 4 метр баландликда жойлашганини хабар қилган эди. Газетанинг
қайд этишича, объект 10 йилдан буён қурилмоқда ва унда ҳар икки давлатнинг
ҳарбийлари мавжуд.
Оммавий
ахборот воситалари Хитой томонидан ажратилган "терроризмга қарши"
объектини қуриш бўйича келишув ҳақида ҳам эслаб
ўтган. Қиймати 9 миллион доллар (100 миллион сомоний) бўлган келишув Пекин
ва Душанбе ўртасида 2021 йилда расман имзоланган ҳамда база устидан назоратни
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги амалга ошириши керак.