13.04.2024 12:28

Тожикистон “Крокус” бўйича гумондорларни қийноққа солмасликка чақирди

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Москва яқинидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида содир этилган қўпорувчилик ҳаракатини содир этганликда гумонланаётганларни қийноққа солмасликка чақирди. Бу ҳақда мамлакат ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Сирожиддин Мухриддин маълум қилди, дея хабар берди Islam News Газета.Ru нашрига таяниб.

МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида сўзга чиққан дипломат қўпорувчилик ҳаракатини тергов қилаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари халқаро мезонлар ва Россия қонунчилиги талабларига риоя қилишлари кераклигини эслатди.

Мухриддин, шунингдек, Тожикистон “Крокус”даги теракт учун жиноят ташкилотчилари, ижрочилари, шериклари ва буюртмачилари жазоланишини кутишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни “Крокус Сити Холл”даги ҳодисадан бир кун ўтиб ФСБ директори Александр Бортников Россия президенти Владимир Путинга 11 нафар гумонланувчи, жумладан, терактнинг бевосита иштирокчиси бўлган тўрт нафар шахс ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди. Уларнинг барчаси Тожикистон фуқаролари эди. Қарийб барча гумонланувчилар, айниқса асосий тўрт тожикистонлик суд залига қаттиқ қийноққа солинган, ҳатто бир қулоғи кесиб ташланган ҳолатда ва махсус шифохона аравасида келтирилди.

Тармоқларда уларнинг қийноққа солингани акс этган видеолар ҳам тарқалди. Таҳлилчиларнинг фикрича, Россия давлати ва рус жамиятининг оммавий зўравонликларга нисбатан тоқатлилиги кучайиб бораётганидан далолатдир.

Кейинроқ Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси “Крокус Сити Холл”да теракт содир этганлар билан алоқадорликда гумонланаётган 9 кишини қўлга олди. Уларни қўлга олишда Душанбеда жойлашган Россия хавфсизлик кучлари иштирок этган.

Россияда давлат ва жамиятнинг зўравонликларга тоқатлилиги кучайиб бормоқда – NT

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.