Россияда давлат ва жамиятнинг зўравонликларга тоқатлилиги кучайиб бормоқда – NT
Россияда сўнгги ўн йилликлардаги энг қонли терактни уюштирганликда айбланаётган тўрт нафар эркак якшанба куни кечқурун Москва судида калтакланган ва бинтланган ҳолатда пайдо бўлди. Улардан бирининг қулоғи кесиб ташланган, иккинчиси эса зарғалдоқ рангли ногиронлик аравасида ётар, гап кўзи бўртиб чиққан, касалхона халати ярим очиқ, тиззасида катетр турганди.
Эркакларнинг сўроқ пайтида қийноқларга солинаётгани акс
этган видеолар шанба кунидан бери ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда, таҳлилчилар буни
ўтган жума куни камида 139 кишининг ўлимига ва 180 кишининг жароҳатланишига
сабаб бўлган концерт залида уюштирган ҳужум учун қасос сифатида баҳолашди.
Энг хавотирли видеолардан бирида Саидакрами М. Ражабализода исмли айбланувчилардан бири
қулоғининг бир қисми кесилиб, оғзига тиқилгани акс этган. Интернетда тарқалган
суратда ҳибсга олинган Шамсидин Фаридуни исмли бошқа эркакнинг жинсий
аъзоларига батарея улангани акс этган.
Видеолар қандай тарқала бошлагани ҳозирча аниқ эмас, бироқ
улар Россия хавфсизлик хизматларига яқин ҳисобланган миллатчи, ҳарбийпараст
Телеграм каналлари томонидан тарқатилган, деб ёзади The New York Times.
Гарчи энг шафқатсиз лавҳалар давлат телевидениесида намойиш
этилмаган бўлса-да, ҳукуматнинг айбланувчиларга
нисбатан шафқатсиз муносабати аён
бўлди. Россия ҳукуматининг
буни судда очиқчасига кўрсатиш қарори шу вақтгача сира кузатилмаган бўлиб, бундан кўзланган мақсад қасос олинганини кўрсатиш ҳамда потенциал
террорчиларни
огоҳлантиришдан иборат,
дейди таҳлилчилар.
Таҳлилчиларнинг
фикрича, қийноқларнинг очиқ намоён бўлиши яна бир нарсани: Украинадаги
уруш бошланганидан бери Россия жамиятининг қанчалик ҳарбийлашгани ва зўравонликка тоқатли бўлиб қолганини ҳам кўрсатди.
“Бу
урушнинг янги усулларини ўзлаштириб олишда қанчалик ривожланганлигимиздан
далолатдир”, - деди Россия хавфсизлик хизматлари бўйича эксперт Андрей
Солдатов.
Халқаро
сўровлар шуни кўрсатмоқдики, жамиятлар зўравон жиноятчилар, жумладан
террорчилар, серияли қотиллар ва болаларга нисбатан зўравонлик жиноятларини
содир этган шахсларга нисбатан ҳар қандай зўравонликка тоқатли.
Бироқ, Садовскаянинг айтишича, телевидениеда кўрсатилган
видеолар Россия давлати учун янги минимумдир.
"Бу давлат ва ҳокимият зўравонлик қабул қилинишини,
маълум бир субъектнинг қийноқларини нормаллаштираётганини кўрсатмоқда", — деди у.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков душанба куни
журналистлар билан бўлиб ўтган брифингда қийноқлар ҳақидаги даъволарга изоҳ
беришдан бош тортди. Аммо собиқ президент, ҳозирда Россия Хавфсизлик кенгаши
раиси ўринбосари бўлиб ишлаётган Дмитрий Медведев айбланувчиларни қўлга олганларни мақтади.
"Биз уларни ўлдиришимиз керакми? Ўлдиришимиз керак. Ва биз буни қиламиз,
— деб ёзди у душанба куни Телеграм-каналида. "Аммо ҳужумда иштирок этганларнинг барчасини
ўлдириш муҳимроқ". "Ҳамма: тўлаганлар, ҳамкорлик қилганлар, ёрдам берганлар”.
Россиядан
қочишга мажбур бўлгунга қадар миллий хавфсизлик бўйича мураккаб ишларни ҳимоя
қилган адвокат Иван Павловнинг таъкидлашича, қийноқлар терроризм ва қотиллик
ишларида узоқ вақтдан бери қўлланилган ва асосан ими-жимида содир этилган. Унинг
сўзларига кўра, қийноқлар ҳақидаги хабарлар қамоқхоналарга кириб боргач, бу “бошқа
одамлар сизни терроризмда айблашаётган бўлишса, махсус кучлар сизни қийноққа
солишини билишларига имкон беради. Шундай қилиб, бу профилактика вазифасини
бажаради”, — дейди у.
“Бироқ якшанба
кунги суд мажлиси одатдагидек
бўлмади, унда қийноқлар шафқатсизларча кўрсатилди”, — деди Павлов.
"Улар буни кенг жамоатчиликдан яширишарди, аммо энди
бундай эмас, чунки кенг жамоатчилик зўравонликка тайёр, — деди у. — Бу энди
уруш туфайли кенг жамоатчилик учун жуда ёқимсиз нарса эмас”.
Россия энди Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясига аъзо
эмас, лекин Россия конституцияси қийноқларни тақиқлайди.
Қийноқлар халқаро ҳуқуқ ва кўплаб мамлакатларда жиноят
ҳисобланганлиги сабабли адвокатлар одатда қийноқлар остида олинган ҳар қандай
кўрсатувни ишончли бўлмагани учун чиқариб юборишга интилишади, деди Миннесотада
жойлашган Қийноқлар жабрланувчиларига ёрдам марказининг глобал
сиёсат ва адвокатлик бўйича директори Скотт Рем.
"Зўравонлик
қилувчилар ўз ҳаракатларининг турли оқибатлари ҳақида ўйлашга кўп вақт
сарфлашмайди, — дейди Рем, айниқса Москвадаги
каби ҳужумдан кейин. — Ўйлайманки, зўравонлик қилувчининг фикрлаш
тарзи кўпинча яхши даражадаги
қасос ва кимнидир қийноқлар остида тан олдириш унга ҳукм ўқилаётганда ҳисобга
олиниши мумкин деган мутлақо хато жоҳилона тахминнинг аралашмасини ўзида
мужассам этади”.
Россияда экстремистлар устидан суд жараёнлари одатда ёпиқ
эшиклар ортида ўтказилади, аксарият тингловлар якшанба куни бўлиб ўтади, шунинг
учун адвокатлар бу амалиётга қай даражада эътироз билдирганини билишнинг иложи
йўқ. Павловнинг сўзларига кўра, россиялик судьяларнинг аксарияти барибир буни
эътиборсиз қолдириши мумкин, чунки улар айбланувчига ҳукм чиқаришда улардан
нима кутилаётганини олдиндан билишади.
Дарҳақиқат, 19 ёшли Муҳаммадсобир З.Файзов иши бўйича судья, баъзида унинг ҳушига зўрға келиб тургани, ногиронлик аравачасида
ёқавайрон ҳолда ётгани ва тиззасининг устида пешоб чиқиб туриши учун
мўлжалланган катетр ётганига мутлақо эътибор қаратмади. Россиянинг мустақил
Медиазона ахборот агентлиги хабарига кўра, судья Файзовга ҳамроҳлик қилаётган
икки шифокорга ҳам суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтаётганини айтиб, жамоатчилик билан
бирга суд залини тарк этишни буюрган.
Павловнинг
таъкидлашича, якшанба куни калтакланган гумондорларнинг очиқ намойиши айниқса
даҳшатли бўлган. "Бу, албатта, қайғули ҳолат, — деди у, — лекин улар суд жараёнини циркка
айлантиришди”.
Хавфсизлик
хизмати эксперти Солдатовнинг айтишича, қийноқлар ва унга расмий муносабат
ҳарбийларга даҳшатли зўравонлик энди қабул қилиниши ва рағбатлантирилиши тўғрисида
сигнал ҳисобланади.
Унинг
сўзларига кўра, қийноқларга оид видеоларни тарқатиш орқали расмийлар “Кремль
томонида бўлмаган ҳар бир кишига қўрқитиш хабарини юбормоқда ҳамда ҳарбийлар ва
хавфсизлик хизматларига сиз бир тўлқинда эканлигингиз ҳақида жуда ишонтирувчи
сигнал юбормоқда”.
Ўтган ой
Россия қамоқхонасида вафот этган мухолифатчи Навалнийнинг Коррупцияга қарши
кураш жамғармасига алоқадор фаол ва терговчи журналист Руслан Шаведдинов
россияликларни террорчиларни ҳам, уларга нисбатан қўлланилган қийноқларни ҳам
қоралашга чақирди.
"Айтиш
муҳим: қийноқлар — оддий ҳол эмас, — деди у якшанба куни твиттерда. — Қийноқ ҳодиса
сифатида мавжуд бўлмаслиги керак. Полиция ва давлат бугун террористни
қийноққа солади, бу усул маъқулланганини кўради, эртага эса фаолни,
журналистни, бошқа ҳар қандай одамни қийнашади. Улар бошқа йўлни билишмайди”.