Крокус Сити Холдаги теракт. Гумонланувчилар ҳақида тафсилотлар маълум бўлди
Москванинг Басманний суди Крокус Сити Холл кўнгилочар марказида содир этилган терактда аввал ҳибсга олинган гумонланувчига нисбатан эҳтиёт чораси қўллаш ҳақидаги тергов сўровини кўриб чиқишни якунлади.
Судга келтирилган тўрт нафари ҳам Тожикистон фуқаролари –
Далержон Баротович Мирзоев, Саидакрами Муродали Рачабализода, Муҳаммадсобир Зокиржонович Файзов ва Шамсидин
Фаридуни.
Фото: Гумонланувчи Далержон Мирзоев.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ раҳбари Далержон Мирзоев
ҳисобланади.
Суд
мажлисида маълум бўлишича, 32 ёшли Мирзоев асли тожикистонлик бўлиб, унинг
Новосибирскда уч ойлик рўйхатдан ўтиш муддати тугаган. Оилали, тўрт фарзанди
бор, каттаси 2018 йилда туғилган. Доимий иши бўлмаган.
Далержон Мирзоев иштирокидаги мажлис очиқ тинглов “тергов сирлари ошкор
этилишига олиб келиши” ҳамда “жараён иштирокчилари ва уларнинг яқинларининг
хавфсизлигига таҳдид солиши” мумкинлиги сабабли матбуотга ёпиқ ўтказилди.
Айбланувчи саволларга таржимон ёрдамида жавоб берган.
Фото: Теракт содир этганликда гумонланаётган Саидакрами Рачабализода.
Мажлисда
Саидакрами Рачабализода ҳам таржимон ёрдамида мулоқот қилган. У 30 ёшда, уйланган, фарзанди бор.
Айбланувчининг сўзларига кўра, у Россияда рўйхатдан ўтган, бироқ қаерда
эканлигини эслолмаган.
Саидакрам Рачабализодани ҳибсга олиш чоғида қулоғининг бир бўлаги кесиб ташланган.
У Тожикистон фуқароси бўлиб, Подолскда рўйхатга олинган,
2018 йилда суд уни мамлакатда
бўлиш муддати 90 кундан ошиб кетгани сабабли 5 минг рубль
миқдорида жаримага тортган ва Россия Федерациясидан “назорат остида мустақил
чиқиб кетиш”ни тайинлаган.
Ушбу суд
мажлиси ҳам
ёпиқ эшиклар ортида ўтди.
Фото: Теракт содир этишда гумон қилинаётган Муҳаммадсобир Файзов
Муҳаммадсобир Файзовни суд залига жонлантириш бўлимидан каталкада (ғилдиракли
ётоқ) олиб кетишди.
У 19 ёшда, бўйдоқ,
фарзанди йўқ. Тожикистон фуқароси. Иваново вилоятида сартарош бўлиб ишлаган,
январь ойида ишдан бўшаган. Ҳибсга олиш вақтида чап кўзидан жароҳат олган.
Дастлабки маълумотларга кўра, теракт пайтида одамларнинг
ўлдирилиши акс этган видеони айнан Файзов ёзиб олган, кейинчалик уни “Ислом
давлати” террорчилари билан алоқадор бўлган агентлик эълон қилган.
Ушбу суд
мажлиси ҳам ёпиқ тарзда ўтказилди.
Фото: Теракт
содир этишда гумонланаётган Шамсидин Фаридуни.
Тўртинчи иштирокчи Шамсидин Фаридунийдир. У 25 ёшда,
уйланган, саккиз ойлик фарзанди бор. Тожикистон фуқароси, Подольскдаги паркет заводида
ишлаган, Красногорскда рўйхатдан ўтган. Тўрт айбланувчидан биттаси рус тилини
билади ва таржимон ёрдамисиз мулоқот қила олади.
У ўз айбини тан олди.
Суд мажлиси матбуот учун ёпиқ тарзда ўтказилди.
Тўрт нафари ҳам бир гуруҳ шахслар иштирокида террорчилик
ҳаракати содир этганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши кутилмоқда. Улар
терговгача ҳибсга олинган.
Аввалроқ 11 киши қўлга олингани хабар қилинган эди. Қолган гумонланувчиларнинг ҳолати ҳамда терактга
айнан қандай алоқадорлиги ҳозирча номаълум.
Эслатиб ўтамиз, 22 март куни Москва яқинидаги Крокус Сити
Холда теракт содир бўлган эди. Дастлабки маълумотларга кўра, бинога ниқобсиз,
камуфляждаги тўрт киши
бостириб кирган ва одамларни аниқ масофадан ўққа тута бошлаган. ФСБ
Москва вилоятидаги Крокус
Сити Холл биносига уюштирилган ҳужумда тўрт киши иштирок этгани, улар
Брянск вилоятида қўлга олиниб, Москвага олиб кетилгани ҳақида хабар берди.
Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг сўнгги маълумотларига кўра, 137 киши
ҳалок бўлган.