22.01.2025 16:44
767
«Толибон» Трампга рад жавобига қўшиб маслаҳат ҳам берди
«Толибон » Дональд Трампнинг қарийб етти миллиард долларлик Америка қуролларини қайтариш ҳақидаги чақириғини рад этди. Бу ҳақда Bloomberg нашри ёзмоқда.
«Толибон» 2021 йилда АҚШ қўшинлари томонидан ташлаб кетилган ҳарбий техникаларнинг бирортасини ҳам қайтариб бермайди, дейди масаладан хабардор манба.
Аксинча Афғонистон муваққат ҳукумати «ИШИД-Хуросон» гуруҳи билан курашиш учун АҚШдан янада замонавийроқ қуроллар беришини сўраган.
Бундан олдинроқ АҚШ президенти агар Жанубий Осиё давлати Америка самолётлари, ҳаво-ер ракеталари, транспорт ва алоқа воситаларини қайтармаса, Афғонистонга молиявий ёрдамни тўхтатиш билан таҳдид қилган эди.
«Уларга айтиб қўйинг, афғонлар ҳарбий техникаларимизни қайтариб бермас экан, биздан сариқ чақа ҳам олишолмайди», деган Трамп.
Қайд этилишича, АҚШ қўшинлари Афғонистонда 20 йилдан кўпроқ вақт самарасиз жанг қилган. Зудлик билан чиқиб кетишга тўғри келганида эса 7 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ қийматдаги ҳарбий жиҳозларини олиб кетолмаган.
«Толибон» ҳар йили ҳокимиятга қайтиши муносабати билан ўтказиладиган парадда америкаликлардан тортиб олинган ҳарбий техникаларни намойиш этади. Ўтган йили ушбу қизиқарли маросимда Хитой ва Эрон дипломатлари ҳам қатнашган эди.
Трампнинг талабини рад этишига қарамай, афғон ҳукумати АҚШ билан алоқалари яхшиланишини ва Оқ уй музлатилган 9 миллиард доллардан ортиқ валюта захираларини қайтаришини истайди.