16.04.2024 14:54

The New York Times журналистларига “геноцид” ва “этник тозалаш” сўзларини ишлатмаслик топширилди

АҚШнинг нуфузли The New York Times газетаси Исроилнинг қамал остидаги Ғазо секторида олиб бораётган урушини ёритаётган журналистларга “геноцид” ва “этник тозалаш” атамаларини ишлатишни чеклаш ҳамда Фаластинга нисбатан “босиб олинган ҳудуд” иборасини ишлатмасликни буюрди, деб ёзади The Intercept сизиб чиққан хизмат йўриқномасига асосланиб.

Газета раҳбарияти, шунингдек, ходимларга “жуда камдан-кам ҳолатлардан ташқари” “Фаластин” сўзини ишлатмасликни ҳамда Ғазо ҳудудларини тасвирлашда “қочоқлар лагери” атамасидан қочишни буюради.

Қайд этилишича, The New York Times газетасининг “босиб олинган ҳудуд” ва Ғазодаги қочқинлар мақомини бундай тавсифлаши БМТ ва халқаро гуманитар ҳуқуқ томонидан белгиланган меъёрларга зид келади.

The Intercept манбасининг маълум қилишича, БМТнинг Исроилни босқинчи давлат сифатида тан олган барча резолюцияларига қарамай, “босиб олинган ҳудудлар” атамасидан қочиш можаронинг асл моҳиятини яширади ва бу Исроилнинг расмий талқинига мос келади.

“Гарчи ишғол можаронинг мазмунини ташкил этса-да, ҳодисаларни ёритишда ушбу атамани олиб ташлайсиз”, - деди таҳририятдаги манба.

Январь ойида The Intercept нашри New York Times, Washington Post ва Los Angeles Times газеталарининг Исроилнинг ишғол остидаги уруши ҳақидаги хабарлари таҳлилини чоп этган эди. Унга кўра, 7 октябрдан 24 ноябргача йирик газеталар “қирғин”, “хунрезлик” ва "даҳшатли" сўзларини қарийб фақат ўлган исроиллик тинч фуқаролар учун ишлатган, ўлдирилган фаластинлик тинч аҳолига эса бундай атамаларни ишлатмаган. Жумладан, New York Times исроилликларнинг ўлимини 53 марта "қирғин" деб таърифлаган бўлса, фаластинликларга нисбатан фақат бир марта ишлатган.  Ўша пайтда ҳалок бўлган фаластинликларнинг ҳужжатлаштирилган сони тахминан 15 мингга етганига қарамай, "қирғин" атамасидан фойдаланиш нисбати 22 га 1 эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.