17.06.2024 11:05

Швейцарияда Украина бўйича тинчлик саммити якунланди. Унда нимага эришилди?

Швейцарияда Украина бўйича тинчлик саммити Бюргеншток декларациясининг имзоланиши билан якунланди. Бу ҳақда маҳаллий NZZ газетаси ёзди.

Қайд этилишича, Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича конференциянинг якуний декларациясини 101 делегациядан 84 таси қўллаб-қувватлаган.

Декларацияни имзолашдан бош тортганлар орасида Арманистон, Словакия, Жанубий Африка, Ҳиндистон, Ватикан каби давлатлар бор.

Шартномани Германия, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Испания, Аргентина, Қатар, Молдова каби мамлакатлар имзолаган. Шунингдек, Европа Иттифоқи, Европа Кенгаши, Европа Парламенти ва Европа Комиссияси имзолаган ташкилотлар қаторига киради.

Якуний декларациянинг аниқ мазмуни ошкор этилмаган. 
"Атом энергияси ва ядро объектларидан ҳар қандай усулда фойдаланиш хавфсиз, ишончли, ҳимояланган ва экологик тоза бўлиши керак. Озиқ-овқат хавфсизлиги ҳеч бир ҳолатда қуролга айланмаслиги керак. Савдо кемаларига, фуқаролик портларига ва маршрут бўйлаб ҳужумларга йўл қўйиб бўлмайди. Бундан ташқари, барча ҳарбий асирлар озод қилиниши шарт. Барча депортация қилинган ва ноқонуний кўчирилган украиналик болалар ва бошқа ноқонуний ҳибсга олинган украиналик фуқаролар ватанига қайтарилиши шарт", дейди бу ҳақдаги журналистларнинг саволига жавоб берган Швейцария Конфедерацияси президенти Виола Амхерд.
Аввалроқ коммюникеда Запорожье атом электр станциясининг ишлаши, ядро қуролидан фойдаланиш, Қора ва Азов денгизларидаги денгиз портларига кириш, шунингдек, асирларни озод қилиш каби бир қанча масалалар бўйича мамлакатлар позициялари тақдим этилиши ҳақида хабар берилганди. 

Маълумот учун, Швейцариянинг Бюргеншток шаҳридаги саммит 15-16 июнь кунлари бўлиб ўтмоқда. Дастлаб саммитга 160 мамлакат ва ташкилот таклиф қилинган эди. Хитой, Бразилия ва Саудия Арабистони ва бошқалар иштирок этишдан бош тортдилар. Россия саммитга таклиф қилинмади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.