15.08.2024 16:36

Швейцарияда Суданда тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар бошланди

Швейцариядаги номаълум жойда ёпиқ эшиклар ортида АҚШ шафелигида Судан ҳукуматининг иштирокисиз ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар бошланди, дея хабар қилди Arab News нашри. Музокараларни АҚШнинг Судан бўйича махсус вакили Том Перриелло олиб бормоқда, у сессия очилишидан кейин "қуролларни ўчириш вақти келди", деди.

10 кунгача давом этиши мумкин бўлган музокаралар Швейцариядаги номаълум жойда ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этаётган Саудия Арабистони, АҚШ, Швейцария, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Африка Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари музокараларнинг биринчи кунида қўшма баёнот эълон қилди. Баёнотда дипломатик саъй-ҳаракатлар Суданда ўт очишни тўхтатишга эришиш ва гуманитар ёрдам етказилишини осонлаштиришга қаратилгани қайд этилди. Шунингдек, ҳужжатда ушбу саъй-ҳаракатлар "Жиддадаги олдинги музокаралар натижалари, бошқа саъй-ҳаракатлар ва халқаро инсонпарварлик ҳуқуқига мос келиши" таъкидланди.

Музокараларда Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари (RSF) делегацияси иштирок этар экан, Судан Қуролли Кучлари (SAF) Вашингтон томонидан ташкил этилган форматдан норози.

"Бизнинг мақсадимиз – ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, гуманитар ёрдам олиш имкониятини яхшилаш ва аниқ натижаларга олиб келадиган ижро механизмларини ўрнатиш учун олдинга силжиш", деди Перриелло.

2023 йил апрель ойидан бери генерал Абдулфаттоҳ Ал-Бурхон қўмондонлигидаги Судан армияси ва унинг собиқ ўринбосари Муҳаммад Ҳамдан Дагало бошчилигидаги ҳарбийлаштирилган Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари (RSF) ўртасида уруш давом этмоқда. Шафқатсиз можаро дунёдаги энг даҳшатли гуманитар инқирозлардан бирини келтириб чиқарди.

Жанглар натижасида мамлакатдаги ҳар беш кишидан бири ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди, ўн минглаб одамлар ҳалок бўлди. Бутун мамлакат бўйлаб 25 миллиондан ортиқ одам - аҳолининг ярмидан кўпи кескин очликка дуч келмоқда.

“Чегара билмас шифокорлар” (MSF) тиббий хайрия ташкилотининг Судан дастури раҳбари Витторио Оппиззи ҳар икки томон ҳам халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда инсонпарварлик ёрдамини манипуляция қилаётганини билдирди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.