03.02.2024 14:44

Суданда уришаётган томонлар илк бор Баҳрайнда музокара ўтказди

Судан армияси ва Тезкор ҳаракат кучларининг юқори мартабали қўмондонлари январь ойида Баҳрайнда уч марта учрашди, деб хабар бермоқда Reuters.

Қайд этилишича, томонлар қуролли тўқнашувлар бошланганидан буён ўтган 9 ой ичида илк бор бундай даражадаги музокараларни ўтказган. Учрашувлар урушни тугатиш бўйича сиёсий келишувга эришиш учун турли давлатлар томонидан бир неча марта воситачилик ҳаракатларидан сўнг бошланди. Музокалар Миср, БАА, АҚШ ва Саудия Арабистони расмийлари иштирокида бўлиб ўтган.

Судан армияси делегациясига Қуролли кучлар бош қўмондони ўринбосари генерал-майор Шамсуддин Каббаши, Тезкор ҳаракат кучларига эса қўмондоннинг укаси, генерал-майор Абдурраҳим Дагало вакиллик қилди. Қайд этилганидек, томонлар мамлакат бирлигини сақлаш масаласини ҳам ўз ичига олган тамойиллар декларацияси бўйича келишиб олди.

2023 йил апрель ойидан бери Суданда икки томон ўртасида жанглар давом этмоқда. Можаро фуқаролик бошқарувига сиёсий ўтиш доирасида армия ва Тезкор ҳаракат кучлари ваколатлари борасидаги келишмовчиликлардан келиб чиққан.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, тўқнашувлар аллақачон 13 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган, шунингдек, очарчилик ва кўп сонли қочқинларнинг юзага келишига олиб келган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.