Суданда очарчилик расман эълон қилинди
Суданнинг Дарфур минтақасида очарчилик расман эълон қилинди. Бу ҳақда TRT Норвегия Қочқинлар бўйича Судан кенгаши маълумотларига таяниб хабар берди.
Мамлакатда генерал Ал-Бурҳон бошчилигидаги ҳукумат армияси ва Тезкор Ҳаракат Кучлари (SDF)
ўртасида 15 ойдан бери давом этаётган фуқаролар уруши натижасида юз минглаб дарфурликлар
қамалда қолиб кетди.
Шимолий Дарфурдаги Ал-Фашир
шаҳри яқинидаги “Замзам” лагерига қочиб келган одамлар июнь
ойидан бери очликка дуч келишмоқда. Уларга озиқ-овқат ёрдами етиб бораётгани йўқ. Бу
очарчиликнинг расмий эълон қилинишига олиб келди, дея хабар берди Норвегия қўмитаси. “Замзам” лагери яқинда кенгайтирилди ва
ҳозирда 500 мингга яқин кишини қабул қилади.
Ал-Фашир ҳудудидаги яна иккита
лагерь – Абу Шоук ва Ал-Салом ҳам очарчиликка дучор бўлиши мумкин, аммо
чекланган маълумотлар буни тасдиқлашни қийинлаштиради.
Бугунги
замонавий дунёда очарчилик ҳақида расман эълон қилиш камдан-кам
учрайдиган ҳодиса,
аммо бу бутун дунё эътиборини жалб қилиш ва донор ҳукуматларни ёрдам
агентликлари учун маблағни оширишга ундашга хизмат қилиши мумкин. Жаҳон миқёсида рўй бераётган яна иккита
йирик уруш (Ғазо ва Украинадаги
урушлар назарда тутилмоқда – таҳр.) ҳамда турли фавқулодда
вазиятлар туфайли Суданга
зарур ёрдам етарли даража етказиб берилаётгани йўқ, дейди ёрдам агентликлари.
"Бу очарчилик фожиали, ҳалокатли ва афсуски, олдиндан
айтиш мумкин, - дейилади қўмита хабарида. -Бу биз керакли барча ресурсларни олиб
келишимиз лозим
бўлган муҳим дақиқадир".
Судандаги
рақиб ҳарбий гуруҳлар ўртасидаги уруш бир вақтлар дунёнинг нон савати
ҳисобланган унумдор мамлакатда дунёдаги энг катта очлик инқирозини келтириб
чиқарди. Жаҳон озиқ-овқат дастурига кўра, Суданда 48 миллион аҳолининг ярмидан
кўпи очлик хавфи остида. Мамлакатда, шунингдек, дунёдаги энг ёмон
қочқинлар инқирози мавжуд бўлиб, 10 миллиондан ортиқ одам ўз уйларини ташлаб
кетишга ёки қўшни давлатларга қочишга мажбур бўлди.
Мутахассислар очарчиликни таснифлаш учун қатъий
методологиядан фойдаланади. Уй хўжаликларининг 20 фоизи ёки ҳудуддаги ҳар
бешинчи киши озиқ-овқат тақчиллигига дуч келганида, очарчилик эълон қилинади; Болаларнинг
30% ўткир тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда; ҳар 10 000 кишидан икки
катталар ёки тўртта бола ҳар куни тўйиб овқатланмаслик ёки очликдан вафот этмоқда.