06.02.2025 06:33
Швейцария Исроил аскарига қарши жиноий иш қўзғатди
Швейцария Ғазода уруш жиноятларини содир этганликда гумон қилинган Исроил аскарига нисбатан жиноий иш қўзғатди. Айни пайтда мазкур шахс Швейцария ҳудудида бўлиб, иш мамлакат суд органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.
Шикоят Белгияда жойлашган Ҳинд Ражаб фонди томонидан берилган бўлиб, унда гумонланувчи тинч аҳолига ҳужумлар, уйлар ва шифохоналарни вайрон қилиш, мажбуран кўчириш ҳамда Ғазо секторида халқаро ҳуқуқни жиддий бузганликда айбланмоқда.
Фонд расмий баёнотида шундай дейилган:
"Суд жараёнининг яхлитлигини ҳимоя қилиш мақсадида ҳозирча тафсилотларни ошкор қилмаймиз. Бироқ Швейцариянинг халқаро ҳуқуқни қўллаб-қувватлаб, ҳарбий жиноятчиларга бошпана бермаслигини олқишлаймиз."
Ҳинд Ражаб жамғармаси аввалроқ Финляндия, Дания, Норвегия, Чили, Аргентина, Таиланд ва бошқа мамлакатларда ҳам Исроил аскарларига қарши шунга ўхшаш шикоятлар тақдим этган эди.
Фонд вакиллари таъкидлашича, бу тергов халқаро ҳуқуқ бузилишларига қарши қатъий чоралар кўрилишига ишора беради:
"Ҳарбий жиноятлар содир этганлар, мансаб ва миллатдан қатъи назар, хавфсиз бошпана топа олмайди."