29.04.2024 07:55

Сув тошқинлари: одатий табиий офатларми ёки...

Ҳар йили дунёнинг турли қисмларида сув тошқинлари рўй бериб туради. Бироқ бу йилги тошқинларнинг аввалгилардан катта фарқи бор: аксарият ҳудудлардаги табиий офатлар об-ҳаво кузатувлари тарихида мисли кўрилмаган даражада бўлди. Хусусан, Қозоғистондаги сув тошқинлари охирги 80 йил, БААда 75 йил, Хитойнинг Гуандун провинциясида 50 йил ичидаги энг талофатлилари бўлди.  

Биргина Дубай шаҳрида ўртача йиллик ёғинчарчилик меъёри 97 мм, апрель ойида эса бор-йўғи 8 мм ни ташкил этади. Бироқ 16 апрель куни ҳудудда 24 соат ичида йиллик меъёрдан 2 баробар кўп – 250 мм га яқин ёмғир ёғди. Натижада шаҳарда ҳаёт бутунлай фалаж ҳолатга келиб қолди. Офат натижасида БАА ва Уммонда 20 киши ҳалок бўлди.

Технологик тараққиётда анча илгарилаб кетган Хитой ҳам кутилмаган офатдан эсанкираб қолгани аниқ. Рекорд даражадаги ёғингарчиликлар туфайли 127 миллион аҳоли истиқомат қилувчи провинцияда 82 минг киши вақтинча кўчирилди, 1,16 миллион киши электр таъминотисиз қолди. Энг камида 4 киши ҳалок бўлиб, 11 киши бедарак йўқолган деб эълон қилинди.

Йилига 50 миллиард долларлик зарар

БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича Ҳукуматлараро мутахассислар гуруҳи маълумотларига кўра, иқлим исиши натижасида сув тошқинларининг жадаллиги ва такрорланишлар сони ортмоқда.

Британиянинг Nature илмий журналининг қайд этишича, сув тошқинлари дунё иқтисодиётига йилига 50 миллиард доллар зарар келтирмоқда. Қарийб 1,5 миллиард киши ёки дунё аҳолисининг 20 фоизи сув тошқинлари хавфи остида яшамоқда. Уларнинг аксарияти ўрта ёки паст даромадли мамлакатлар аҳолиси ҳисобланади.

Сув тошқини хавфи юқори бўлган ҳудудлар харита бўйлаб нотекис тақсимланган. Бу борада энг муаммоли мамлакатлар Жанубий ва Шарқий Осиёда жойлашган бўлиб, Хитой, Бангладеш, Мяньма, Таиланд ва Индонезия аҳолиси айниқса энг кўп таъсирланади.

Европа атроф-муҳит агентлиги мутахассислари эса ҳароратнинг ортиши ёғингарчиликлар миқдорининг ошишига сабаб бўлаётганини келтириб ўтади. Уларнинг фикрича, асримизда сув тошқинларининг частотаси 10 баробарга ортади. Мослашиш ва иссиқхона газларини камайтириш чоралари кўрилмаса, Европа Иттифоқидаги қирғоқ бўйида жойлашган 17 та йирик шаҳарларда сув тошқинларидан кўриладиган йиллик ўртача зарар миқдорлари кескин ўсиши мумкин. Бугун бу шаҳарларда 102 минг киши сув тошқинларидан зарар кўраётган бўлса, зарур чораларсиз бу кўрсаткич 2050 йилда 740 минг кишига ортади.  

Сув тошқинлари нафақат моддий, балки психологик зарар ҳам келтиради

Сув тошқинлари кўчирилган, уй-жойи, яқинларидан маҳрум бўлган, жароҳатланган инсонлар руҳиятидаги жароҳатлар, қайта тиклаш жараёнида ишчи ва мутахассислар етишмаслиги каби узоқ йиллик оқибатларни келтириб чиқариши билан ҳам зарарлидир. Яъни аҳоли ва ҳукумат аввалига биргаликда табиий офатга қарши курашади, сўнгра ойлар, йиллар давомида уларнинг моддий, психологик ва юридик оқибатини бартараф этиш билан машғул бўлади.

2021 йил июль ойи ўрталарида узоқ давом этган кучли ёмғирдан сўнг Германиянинг Рейнланд- Пфальц ва Шимолий Рейн-Вестфалия федерал штатларининг бир қатор ҳудудлари сув остида қолди. Офат Рейнга қуйилувчи кичик Ар дарёсининг тор водийсида тахминан 40 минг киши яшайдиган бир неча ўн километрлик ҳудудда айниқса кўплаб вайронагарчиликларга ва 180 дан ортиқ қурбонларга олиб келди.

Федерал Bundesgesundheitsblatt илмий журналида эълон қилинган мақолада келтирилишича, мазкур сув тошқини Ар водийсининг ўн минглаб аҳолиси учун жиддий руҳий жароҳатларга сабаб бўлди. Жумладан, сув тошқини минтақада руҳий касалликлар, хатти-ҳаракатларнинг бузилиши, болаларда ҳиссий бузилишлар, депрессия ва опиоидларни суиистеъмол қилишнинг сезиларли даражада ошишига олиб келди. Муаллифлар, хусусан, сув тошқинидан олти ой ўтгач, жароҳатдан кейинги касалликлар, уйқу бузилиши, депрессия ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш тенденциялари сонининг кўпайиши қайд этилган.

Рейнланд-Пфальц Психотерапевтлар палатаси раҳбари Сабине Маурнинг dpa агентлигига маълум қилишича, сув тошқинларининг аҳоли руҳий саломатлигига таъсири “оммавий ва узоқ муддатли”. Унинг сўзларига кўра, Ар водийсининг кўплаб аҳолиси "узоқ тикланиш даврлари, чексиз қурилиш лойиҳалари, ҳокимият ва суғурта билан узоқ давом этадиган суд ишлари, чексиз молиявий ва оилавий муаммолар билан янада оғирлашади".

Умидлар йўқ эмас

Олимлар сунъий интеллект ёрдамида сув тошқинларини башорат қилиш мумкинлигини аниқлашди. Унга кўра, сув тошқинларидан 7 кун олдин табииф офат ҳақида аниқ маълумот олиш мумкин. Google Research жамоаси эълон қилган мақолада айтилишича, дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатида истиқомат қилаётган 460 миллиондан зиёд киши сув тошқинлари башорати ҳақида огоҳлантилиши мумкин.

Роттердам ҳукумати эса 2030 йилгача маҳаллий инфратузилмани иқлим ўзгариши оқибатларига мослаштиришни мақсад қилган. Шаҳар маъмурияти қирғоқбўйи қўшимча иншоотларини қуриш ва дарё қирғоқлари бўйлаб кўкаламзорлаштиришни маълум қилди. Айни пайтда, ер ости сувларини сақлаш иншоотларини лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда. Европада, шунингдек, “Коперник” Фавқулодда хизматлари томонидан бошқариладиган сув тошқини ҳақида огоҳлантириш тизими мавжуд. Бу бутун минтақадаги дарё тошқинларини кузатувчи Европа Иттифоқидаги асосий тизимлардан биридир. Дастур кейинги 3-10 кунлик башоратларини тузади.

Шунингдек, бугун дунёнинг кўпгина мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ESG (экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув) стандартлари жорий этилмоқда. Унга кўра, ҳар қандай ташкилот атроф-муҳит, ижтимоий масъулият (содда қилиб айтганда – яхшилик қилиш) тамойилларини жорий этиш мажбуриятини зиммасига олиши шарт бўлмоқда.

Ҳар биримизнинг ўрнимиз бор

Иқлим ўзгаришлари, сув тошқинлари... бу мавзулар одатда халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, масъул мутахассис ва олимлар бош қотирадиган мавзу сифатида қабул қилинади. Бироқ ҳаётда ҳар кимнинг ўз ўрни, ўз вазифаси бор.

Биринчидан, об-ҳавонинг тобора исиб боришига хизмат қилувчи “иссиқхона газлари”, заводлар, иситиш қозонлари, иссиқхоналардан чиқаётган тутутлар, қурилиш майдончаларидан кўтарилаётган чангларга қарши оддий инсонлик, оддий фуқаролик позициямизни намойиш этиш, ҳукуматдан, тегишли ташкилотларга бу борада зарур чораларни кўриш бўйича босим ўтказишимиз (ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар, ўзимиз сайлаган депутатларга мурожаат қилиш ва бошқалар орқали) мумкин-ку!

Бу йил қишда Тошкент дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари ўнлигидан тушмади ҳисоб, аммо кунлар исиши билан нисбатан барқарорлашди. Бу ҳам пойтахтимиз ҳавосини айнан иситиш марказлари ва шаҳар атрофини қуршаб олган иссиқхоналарда кўмир ва мазут ёқилаётганидан дарак беради. Ҳар биримиз фуқаро сифатида, ота-она, шу шаҳарнинг ҳавосидан нафас олаётган ва зарар кўраётган жабрланувчи сифатида ҳукуматдан тегишли чоралар кўриш, иссиқлик марказларига замонавий фильтлар ўрнатишни талаб қилишимиз, иссиқхоналарга эса ё ҳавони ифлослантирмасликни сўраш ёки уларнинг маҳсулотларига бойкот эълон қилишимиз мумкин.

Ҳа, дарвоқе, иссиқлик марказлари ва иссиқхоналарнинг глобал иқлим ўзгаришига ҳам салбий таъсири борлигини айтиб ўтиш жоиз. Бугунги кунда дунёнинг барча қисмларидаги музликларда, ҳатто антарктидада қора ёқилғи қурумлари аниқланмоқда. Биласиз, оқ ранг қуёш нурларини тўлиқ қайтаргани учун қор ва музликлар ҳаво иссиқ бўлган даврларда ҳам унчалик тез эримаган. Қурумлар эса нур билан биргаликда қуёшнинг иссиқлигини ҳам ўзига ютиб, абадий музликликларнинг эришини жадаллаштирмоқда.

Яна бир гап! Табиатдаги барча ҳодисалар инсониятнинг қилмишлари, гуноҳ-маъсиятлари билан ҳам боғлиқ. Буни нафақат диний, балки илф-фан йўли билан ҳам исботлаш мумкин. Қаерда салбий аура вужудга келса, ўша ерда табиий офатлар жадаллиги ҳам ортади. Шундай экан, халқимиз доим паноҳ сўрайдиган сув балосидан ҳимояланиш учун аввалогуноҳлардан тийилиб, Аллоҳга қайтишимиз, сўнгра тинимсиз истиғфор айтиб юришимиз лозим... Бу борада Аллоҳ таоло шундай деган:

"Сизларға азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни Аллоҳнинн бирор бало-қазосига дучор бўлмай туриб) Парвардигорларингизга қайтинглар ва Унга бўйсунинглар!" (Зумар, 54-оят).

Санжар Саид

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.