17.04.2024 08:21

Афғонистон, Покистон ва БАА кучли сув тошқинларидан жабр кўрди

Афғонистон, Покистон ва БААда кучли ёғингарчиликлар кузатилмоқда. Табиий офат натижасида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар бор.

Покистон

Покистонда кучли чақмоқ ва жала оқибатида камида 36 киши ҳалок бўлди.

Қурбонларнинг баъзилари буғдой ўраётган деҳқонлар бўлиб, уларни чақмоқ урган. Бошқалар эса кучли ёмғир туфайли қулаб тушган уйлари вайроналари остида ҳалок бўлди. Расмийлар ёғингарчилик давом этишини башорат қилиб, мамлакат жануби-ғарбида фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Эколог Рафай Алам Покистондаги ноодатий кучли апрель ёмғирининг асосий сабаби сифатида иқлим ўзгаришини кўрсатмоқда. Шунингдек, у бу ҳодисани 2022 йилнинг ёзида содир бўлган ҳалокатли сув тошқинлари билан боғлайди, ўшанда табиий офат 1700 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган ва мамлакатнинг учдан бир қисмини сув босган эди.

Афғонистон

Афғонистонда ҳам мавсумий ёмғирлар сабаб кучли сув тошқинлари юз берди. Воқеа содир бўлган табиий офатлар қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг нобуд бўлишига олиб келди, катта ҳажмдаги экин майдонлари ва йўл инфратузилмаси вайрон бўлди.

“Яқинда ёғган ёмғир ва сув тошқинлари натижасида 50 нафар ватандошимизни йўқотдик, яна 36 нафари жароҳат олди. Умуман олганда, ушбу сув тошқинлари натижасида 400 бошга яқин чорва моллари нобуд бўлган, 706 та уй қулади, яна 1606 та уй зарар кўрган”, — деди вазирлик матбуот котиби Жанан Саек.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, мамлакатнинг 34 та вилоятидан 20 тасида сув тошқини кузатилган.

Афғонистон метеорология департаменти маълумотларига кўра, яқин кунларда Афғонистоннинг 34 вилоятининг аксариятида кучли ёмғир ёғиши кутилмоқда. Энг кўп ёғингарчилик Ғазна, Кобул, Қандаҳор ва Нангарҳор вилоятларига тўғри келади.

БАА

Дубайда бир ярим кун ичида йиллик ёғингарчилик меъёридан икки баравар кўп ёмғир ёғди.

Бир кундан ортиқ вақтдан бери шаҳарда тинимсиз ёғаётган кучли ёмғир туфайли Дубай қарийб сув остида қолди. Дубайда жойлашган дунёдаги энг йирик аэропортлардан бири парвозларни қабул қилишни тўхтатди.

Расмийлар аҳолини уйларини тарк этмасликка чақирди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.