Сурия Россия билан Тартус портини ижарага олиш бўйича келишувни бекор қилди
Сурия 2019 йилда Башар Асад даврида имзоланган Тартус портини Россиянинг «Стройтрансгаз» компаниясига 49 йилга ижарага бериш тўғрисидаги шартномани бекор қилди. Бу ҳақда Тартус божхона бошқармаси директори Риёд Жудийга таянган ҳолда “Ал-Ватан” араб нашри хабар берди.
Жудийнинг
сўзларига кўра, Сурия порт устидан назоратни тиклаган.
“Россия компанияси билан имзоланган Тартус портига сармоя
киритиш шартномаси бекор қилинди. Порт фаолиятидан олинган барча даромадлар
Сурия давлати манфаатлари йўлида фойдаланилади”, - деди Жудий.
Шунингдек,
у порт ишчилари рус мутахассислари томонидан модернизация қилинмаган эскирган
ускуналарни тиклашга қайтишаётганини ва шунинг учун Тартусни қайта тиклаш билан
янги ҳокимиятнинг ўзи шуғулланишини таъкидлади. Россия томонидан ҳеч
қандай изоҳ берилмаган.
Аввалроқ Суриянинг
янги ҳукумати бир неча бор Россия ҳарбий-денгиз кучларининг 720-логистика
пункти жойлашган Тартусда россиялик ҳарбийлар мавжудлигини сақлаб қолиш
тарафдори эканини очиқ билдирган эди. Устуворликлар ўзгаришига нима сабаб эканлиги
ва Сурия расмийсининг сўзлари ишларнинг ҳақиқий аҳволига қай даражада мос
келишини вақт кўрсатади.