23.04.2024 09:24

Сўров: Россияликлар муҳожирларни ёқтирмайди

“Крокус Сити Холл”даги фожиа россияликлар орасида мигрантларга қарши кайфият тўлқинини келтириб чиқарди. Бу ҳақда Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) ёпиқ сўровига таяниб, «Верстка» нашри ёзмоқда.

ВЦИОМ ижтимоий сўрови натижаларига кўра, жорий йилнинг апрель ойи бошида меҳнат муҳожирлари Россия фуқароларининг 55-60 фоизида "аниқ салбий" муносабатни уйғотган, респондентларнинг 30 фоизи эса «ижобий» муносабатни билдирган. Саккиз ой олдин, ўтган кузнинг бошида сўров иштирокчиларининг 40 фоизи мигрантларга салбий муносабатда бўлган.

Респондентларнинг қарийб ярми Крокусдаги отишма туфайли улар ва уларнинг ижтимоий доиралари меҳнат муҳожирларига ёмонроқ муносабатда бўлишгани ҳақида хабар беришди. Қарийб учдан икки қисми муҳожирларга муносабат вақт ўтиши билан ёмонлашади, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг учдан биридан бир оз кўпроғи, Россия Федерациясида миграция сиёсати қаттиқроқ бўлганида, Москва концерт залидаги фожиа юз бермаган бўларди, деб ҳисоблайди.

«Верстка»нинг хабар беришича, сўровномаларда 2,5 мингдан ортиқ респондент иштирок этган.

Россиянинг бошқа бир тадқиқот маркази - Левада томонидан ўтказилган сўров ҳам Россия фуқаролари орасида ксенофобия (чет элликларга нисбатан салбий муносабат) ҳисси кучайганини кўрсатувчи натижаларни намоён этди. Левада маълумотларига кўра, респондентларнинг тўртдан бир қисми "муҳожирлар оқими" билан боғлиқ муаммо бор деб ҳисоблайди.

Крокус Сити Холлдаги фожиадан сўнг Россия ҳукумати миграция сиёсатини кучайтириш бўйича бир қатор чоралар кўрди. Бир нечта қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди, хорижликларнинг қолиш муддати қисқартирилди (йил давомида 180 кундан 90 кунгача), чет элликлар учун рус тилидан имтиҳон топшириш тартиби кучайтирилди. Шунингдек, қатор ҳудудларда меҳнат муҳожирлари ишлаши мумкин бўлган соҳалар кескин қисқартирилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.