23.07.2024 10:37

Саудия Арабистони Яманга зарба беришга алоқадорлигини рад этди

Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги вакили ижтимоий тармоқлар ва ОАВда қироллик Исроил Яманнинг Ҳудайда шаҳрига берган авиазарбаларига алоқадор экани ҳақидаги миш-мишларни рад этди.

“Қиролликнинг Ҳудайдага қилинган ҳужумга алоқаси ёки боғлиқлиги йўқ ва қироллик ҳеч кимнинг ўз ҳаво ҳудудини бузишига йўл қўймайди”, - деди Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги матбуот котиби, бригада генерали Турки Ал-Малики.

Аввалроқ оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда, жумладан, Исроил сегментида Саудия Арабистони Исроилнинг Яманга зарбаси учун ҳаво ҳудудини тақдим этгани ҳақидаги маълумотлар тарқалган эди.

Жумладан, Yedioth Ahronoth нашри мазкур ҳужум Саудия Арабистони билан мувофиқлаштирилган ҳолда ўтказилганини маълум қилди. Israel Hayom газетаси эса Саудия Арабистони Исроилнинг Ҳудайда портига ҳужумидан мамнунлик билдиргани ҳақида ёзди.

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги якшанба куни Ямандаги ҳарбий вазият кескинлашиб бораётганидан чуқур хавотир билдирди ва барча томонларни максимал даражада вазминликка чақирди.

Эслатиб ўтамиз, 20 июль куни Исроил Ямандаги ҳусийларнинг аввалроқ Тел-Авивга учувчисиз учоқ билан муваффақиятли ҳужумига жавоб сифатида Яман ғарбидаги Ҳудайда портини бомбалади. АҚШ ва Британия қуролли кучлари дастаги билан 12 та ҳарбий самолёт орқали берилган зарбалар натижасида нефть захиралари, электр тармоқлари ва бошқа инфратузилмаларга зарар етди, кўплаб одамларнинг ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани маълум қилинди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.