28.05.2025 15:35
77
Россияликлар Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз кириб-чиқиши мумкин
Ўзбекистон Республикаси Россия фуқаролари учун мамлакатга ички паспорт ёки ID-карта билан 30 кунгача муддатга визасиз кириш тартибини жорий этиш устида иш олиб бормоқда.
"Известия" хабарига кўра, амалда россияликлар Ўзбекистонга фақат хорижий паспорт орқали кириши мумкин бўлиб, визасиз тартиб 15 кунгача амал қилади. Ушбу муддат тугагач, фуқаролар вақтинчалик рўйхатдан ўтишлари талаб этилади. Марказий Осиёда фақат Қозоғистон ва Қирғизистон Россия фуқароларига ички паспорт билан кириш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, ушбу ташаббус фақат Россия билан чегараланмайди. Қозоғистон ва Озарбайжон фуқаролари учун ҳам шундай енгилликлар жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Ҳозирда музокаралар олиб борилмоқда ва тегишли таклифлар тайёрланмоқда.