04.06.2025 06:27
95
Россиялик олимлар "чигиртка уни"дан нон ёпишни тавсия қилди
Жанубий Урал давлат университети олимлари оддий буғдой унига уваланган чигиртка хомашёсини қўшиш орқали янги нон ёпиш усулини ишлаб чиқди. Профессор, техника фанлари доктори Абдували Тошевнинг айтишича, чигиртка унининг тахминан 60 фоизи оқсиллардан иборат. Шу билан бирга, бу каби уннинг эрувчанлик индекси уч баравар юқори, эмулсия ҳосил қилиш фаоллиги 55,2 фоизга етади. Кўпик ҳосил қилиш хусусияти эса 67,4 фоиз бўлиб, буғдой унидан тўрт баравар юқоридир.
Олим чигиртка хомашёсининг оз миқдордаги аралашмаси ҳам нон маҳсулотларини микроэлементлар билан бойитишини таъкидлаган. Унга кўра, янги турдаги нонлар таркибидан сув ўтлари ва қўзиқоринлар аралашмасидан тайёрланган ун ҳам ўрин олиши мумкин.
"5–15 фоиз чигиртка уни, 2–6 фоиз спирулина (сув ўтлари) аралашмаси ҳамда 10–20 фоиз қўзиқорин кукуни қўшилган маҳсулотлар ажойиб таъм ва ҳидга эга бўлади", дейди Тошев.
Маълумот учун, 2024 йил якунларига кўра нон нархи Россияда сезиларли даражада ошган ва 2025 йилда ҳам қимматлашишда давом этмоқда.