Россияда ажралишлар сони никоҳлар сонидан ошиб кетди
Росстат маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-март ойларида Россияда 145 мингта никоҳ ва 160 мингта ажралиш қайд этилган. Россия никоҳ институти инқирозини бошдан кечирмоқда. Мамлакатда эълон қилинган “Оила йили”да ажралишлар сони никоҳлар сонидан 3 фоизга ошди, яъни бугунги кунда ҳар 100 никоҳга 103 та ажралиш тўғри келмоқда, деб ёзди “Накануне” нашри.
Мутахассисларнинг фикрича, ажрашишлар сабаби фақатгина молиявий муаммоларда эмас. Ажралишлар
сонининг кўпайишида эр ва хотин ўртасида руҳий ришталарнинг йўқлиги, оиланинг ҳар бир аъзосидаги психологик
муаммолар ва келишиб кета олмаслик кабилар моддий муаммолардан кам роль
ўйнамаяпти.
Психолог Анна Закаидзенинг таъкидлашича, бугунги кунда
одамлар бир-бирининг камчиликларига чидашга тайёр эмаслар. Чунки уларнинг аксарияти 30 ёшдан кейин
турмуш қуришади. Бу даврда ҳар ким ўз шахсий одатларини аллақачон шакллантирган
бўлиб, руҳияти мослашувчанликни қабул қилмайди, келишиб, тинч-тотув яшаш учун
муҳим ҳисобланган музокара олиб бориш, келишиб кетиш кабиларга тоқатсиз бўлади.
Мутахассис келтирган статистик маълумотларга кўра, 30 ёшгача турмуш қурганларда
кейинроқ ажрашиш эҳтимоли пастроқ бўлади.
“Нима учун ажралишлар содир бўлади? Статистик
маълумотлар ўзгармоқда, масаланинг молиявий томони аслида биринчи ўринда эмас,
биринчи навбатда тушунмовчилик, одамлар бир-бирини эшита олмайди. Ҳар бир
инсон психологик билимга эга бўлиши керак, янги турмуш қурганлар оила қуришдан
олдин ўтадиган курслар бўлиши керак”, - дейди психолог. Тўлов ва
имтиёзлар кўринишидаги давлат ёрдамининг салбий томони, экспертнинг фикрича,
одамлар нафақа олиш учун турмуш қуришади. Бу нимага олиб келади? “Ҳозир
бизда 20-25 йил бирга яшаганлар орасида ажралишлар кўп. Болалар улғайгач,
уларни бошқа ҳеч нарса ушлаб турмайди”.
“Статистик
маълумотларга кўра, оилаларнинг 35 фоизи болалар туфайли ажралишмайди. Бу
никоҳни ушлаб турадиган нарса. Болалар уядан учиб чиққач, шериклар энди уларни
ҳеч нарса боғламаслигини тушуниб
етишади”, - дейди эксперт.