16.07.2024 12:45

Уруш Россия демографиясига зарба бермоқда

Россия Давлат Думаси депутати ва Оила масалалари қўмитаси раҳбари Нина Останинанинг сўзларига кўра, "махсус операция" Россияда туғилиш даражаси ва болали оилаларнинг ҳаёт сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, у 2024 йилнинг биринчи ярмида туғилиш кўрсаткичлари 2023 йилга нисбатан ёмонроқ эканлигини таъкидлади.

Давлат Думасида бўлиб ўтган "Россия Федерациясида болали оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш: демографик вазиятга таъсири" мавзусидаги давра суҳбатида Останина Россиядаги демографик инқироз нафақат ички, балки глобал муаммолардан ҳам келиб чиққанини таъкидлади.

“Бугун биз махсус операция туғилиш даражаси ва болали оилаларнинг ҳаёт сифати билан боғлиқ вазиятга ўзининг нохуш ҳиссасини қўшганига жим қараб туролмаймиз. Шунинг учун мен ушбу соҳадаги мутахассислардан таклифларни эшитмоқчиман”, - деди Останина.

Шунингдек, у ота бўлиши мумкин бўлган эркак кўнгиллиларнинг ҳарбий ҳаракатларга сафарбар этилиши ва иштироки туғилиш даражасига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлади.

"300 000 сафарбар қилинган одамлар ва бир хил миқдордаги кўнгиллилар бугунги кунда бола туғилиши нуқтаи назаридан жуда жиддий ресурс бўлган йигитлардир", - дея қўшимча қилди у.

Давлат Думаси спикери ўринбосари Анна Кузнецова давра суҳбатида 2024 йилнинг биринчи беш ойида Россияда аҳолининг қисқариши 282 минг кишини ташкил этгани, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 45 минг кишига кўп деган маълумотларни тақдим этди. Туғилган болалар сони 2,1 фоизга камайиб, 501 минг нафарни ташкил этган, туғилиш коэффициенти 1,4 нафарни ташкил этди. Ажралишлар сони никоҳлар сонидан 3,5 фоизга ошган.

Аввалроқ Нина Останина Россия ҳукуматини фуқароларни Украинадаги урушдан авф этилганидан кейин қайтаётган собиқ маҳбуслардан ҳимоя қилиш чораларини кўришга чақирган эди. Останина уларнинг кўпчилиги яна жиноят содир этишини таъкидлади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.