Рафаҳнинг ёпилишидан норози бўлган мисрлик йигитлар дом-дараксиз кетди
Олдинроқ, 27 ёшли Муҳсин Мустафо ва унинг 23 ёшли амакиваччаси Аҳмад Шариф ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига Маъсор туманидаги полиция бўлимига ҳужум қилгани ҳақидаги видеоларини жойлаганди. Унда Фаластин ва Миср ўртасидаги Рафаҳ чегара постининг ёпилиши ҳамда Ғазонинг қамал қилинишидан норози бўлганлар полиция бўлимларида қаттиқ қийноққа солинаётгани, ҳатто ўлдириб юборилаётгани айтилганди. Икки фаол эса мазкур ҳолатларни видеога муҳрлаб жамоатчиликка етказиш истагида эканини қўшимча қилишган.
Ушбу воқеадан сўнг Муҳсин ва Шариф бедарак йўқолган.
Миср Ички ишлар вазирлиги эса бундай видеолар "Ихвон-ул-Муслимин" ҳаракати томонидан ишланган сохта тасвирлар эканини айтиб чиқди. Бироқ Миср инсон ҳуқуқлари тармоғи видеоларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади.
Полиция бўлимига ҳужум қилган йигитлардан бири – Муҳсин Мустафонинг ўзи 2020 йилда хавфсизлик кучлари унинг қариндошини излаётган пайтда қўлга олинган ва қийноққа солинган. Озод этилганидан сўнг ҳар ой полиция бўлимига бориб рўйхатдан ўтиши шарт қилиб қўйилган. Унинг оиласига яқин манбанинг айтишича, Муҳсин ўзини жуда таҳқирланган ҳис қилган ва “жуда ғазабда” бўлган.
Ҳужумдан сўнг оиладаги барча эркаклар қўлга олинган. Оиланинг ўзи норасмий уй қамоғига олинган ва доимий назорат остида. Ҳукумат эса ҳужум фактини тан олмаяпти, бу эса йўқолган ёшларнинг тақдири юзасидан жиддий хавотир уйғотмоқда.
Мисрдаги бу каби кўнгилсиз воқеалар Ғазода тинч аҳолининг очликдан ўлаётгани ҳамда расмий Қоҳиранинг Рафаҳ чегарасини очиш ва гуманитар ёрдам етказишга шошилмаётгани учун жамоатчилик орасида норозилик кайфияти кучайиб бораётган бир шароитга тўғри келмоқда.