03.10.2024 10:47

Қирғизистон Ўзбекистон сабабли гўшт экспортини вақтинча тақиқлади

Қирғизистонда Ўзбекистонга экспорт қилиниши туфайли гўшт кескин қимматлашди, дея хабар бермоқда «Акчабар» Қирғизистон Антимонополия хизматига таянган ҳолда.

Қайд этилишича, 2024 йил сентябрь ойида Қирғизистон бозорларида гўшт нархининг кескин кўтарилиши истеъмолчиларни ҳам, давлат идораларини ҳам хавотирга солган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилнинг августидан сентябригача бўлган даврда мол гўшти нархи сезиларли даражада – 38,54 сомга ёки 6,76 фоизга ошган.

Жорий йилнинг август ойида мол гўштининг ўртача нархи бир килограмм учун 570,23 сом (86,4 минг сўм) этиб белгиланган бўлса, сентябрь ойидаёқ бу кўрсаткич 608,77 сомга (қарийб 92 минг сўм) етган.

Аввалига ташкилот нархларнинг ошишига сентябрдаги анъанавий тўй мавсуми ва озуқа етишмаслиги сабаб бўлганини маълум қилганди. Бироқ ҳозирда Ўзбекистон ва Тожикистонга гўшт экспорти сезиларли даражада ошгани асосий омил бўлгани маълум қилинди.

«Ҳозирда катта ҳажмдаги гўшт Ўзбекистонга, у орқали Тожикистонга кетмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бунга жавобан республикадан гўшт олиб чиқишга вақтинчалик тақиқ жорий этишни таклиф қилди», — деди Антимонополия хизматининг тартибга солинадиган соҳалар бўлими бошлиғи Сиргак Оморов «Акчабар»га.

Гўшт экспортига қўйилган вақтинчалик тақиқ ўтган ҳафта бекор қилинди. Қайд этилишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Антимонополия хизматининг биргаликдаги фаолияти натижасида нархлар пасайтирилган. Агар сентябрь ойи бошида ўсиш деярли 100 сўмни ташкил этган бўлса, ҳозир нархлар аввалги даражасига қайтди, дейилади хизмат хабарида.

Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь-июль ойларида Ўзбекистон Қирғизистондан 11,9 миллион долларлик 61 минг бошдан ортиқ тирик қорамол олиб келган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,7 баробар кўп (6,4 миллион долларга 12,8 минг бош).

2023 йилда Ўзбекистон 28,3 миллион долларга 101,3 минг бош чорва мол импорт қилган, бу 2022 йилга (16,9 миллион долларга 20 мингдан ортиқ) нисбатан 5 баробар кўп.

Ўзбекистон Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, январь-август ойларида қорамол гўштининг умумий импорти 206,9 миллион долларга 58,4 минг тоннани ташкил этган, бу ўтган йилнинг саккиз ойлик кўрсаткичидан (144.6 миллион долларга 34,6 минг тонна) 1,5 баробар кўп.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.