06.12.2024 21:36
Путин ва Ҳоманаий соясидаги Башар Асад режими қулайдими?
Суриядаги мухолифат кучлари мамлакат шимоли ва марказини эгаллаб олмоқда. Жанубдаги 15 та шаҳарда мухолифат байроғи кўтарилган. Пойтахт Дамашқда ҳам отишма ва портлаш овозлари эшитилаётгани айтилмоқда.
Бунгача мухолифат аввал Ҳалабни, кейин эса яна бир йирик шаҳар Ҳамони ўз назоратига олганди. Мамлакат мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Ҳамо қамоқхонасидаги маҳбуслар ҳам озодликка чиқарилган. Навбатдаги ғалабадан сўнг “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” ҳаракати етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жавлоний видеомурожаат йўллаб, исёнчилар Ҳамо шаҳрига “40 йилдан бери мавжуд ярани даволаш” учун кирганини ва “қасос олинмаслигини” айтди.
Ҳамонинг қўлга олиниши Суриянинг энг гавжум ҳудудларини боғловчи йўллар кесишган асосий марказий шаҳар – Ҳумусга йўл очган. Ушбу шаҳар 2011 йилда Башар Асадга қарши намойишлар ортидан бошланган фуқаролик уруши давомида ҳукумат кучлари қўлида қолганди.
Қолаверса, мухолифат учун шаҳар тарихий аҳамиятга эга. 1982 йилда бўлиб ўтган воқеалар тарихга “Ҳамо қирғини” номи билан кирган. Ўшанда Башар Асаднинг отаси Ҳофиз Асад “Мусулмон Биродарлар” ҳаракати исёнини ваҳшийлик билан бостирган эди. Унинг кўрсатмасига биноан ҳукумат кучлари шаҳарни ўраб олиб, оғир артиллерия ва танклардан бомбардимон қилган. Аскарлар уйма-уй юриб, тинч аҳолини ўлдирган. Ҳалок бўлганлар сони эса маълум эмас. Турли манбалар 10 000 дан 40 000 гача бўлган рақамларни келтиради.
Reuters агентлигининг ёзишича, бугунги кундаги қатор мағлубиятлар Дамашқда ва Асаднинг россиялик ҳамда эронлик иттифоқчиларида шок ҳолатини келтириб чиқарган.
Бу эса Сурияда зулмга асосланган Башар Асад режимининг интиҳоси яқинлашаётгани ҳақидаги тасаввурларни жонлантирмоқда.
Баъзи экспертлар ҳукумат кучларининг муваффақиятсизликлари ортидан Башар Асад ва Эрон ҳукумати ўртасидаги муносабатлар ёмонлашаётганини айтишмоқда. Суриядаги режимни дастаклаётганлар ҳукумат аскарларининг катта шаҳарлар ва рус қуролларини душманга осонгина топшириб қўяётганидан ғазабда.
Сиёсатчиларни Ҳалабнинг қулаши фонида Башар Асаднинг Теҳронга эмас, Москвага учгани ҳам ажаблантирган. Улар Теҳроннинг ёрдамисиз Асад Сурияни бой беришини прогноз қилишмоқда. Яқин тарихга назар ташласак, 2011 йилда бошланган ўн йиллик уруш давомида Башар Асад отасидан мерос бўлиб қолган ҳокимиятни сақлаб қолишга муваффақ бўлганди. Чунки ўша пайтда унга кучли иттифоқчилари – Россия, Эрон ва Ливан "Ҳизбуллоҳ"и катта ёрдам берганди.
Бу иттифоқчилар ИШИДдан тортиб АҚШ ҳамда Форс кўрфазининг бадавлат монархиялари томонидан қўлланадиган айирмачи кучларгача бўлган турли гуруҳларга қарши унинг томонида туриб уруш олиб боришди.
Айни пайтда Эрон АҚШ ҳомийлигидаги Исроил билан бўлган можаролардан сўнг ўнгланишга ҳаракат қилмоқда, ўзининг энг яхши жангчиларини Асад учун жанг қилишга юборган иттифоқчиси "Ҳизбуллоҳ" эса сионистларнинг зарбаларидан фалаж ҳолатга тушган.
Тўғри, Россия самолётлари сўнгги кунларда Сурия осмонида пайдо бўлди, бироқ Москва ҳам ҳозирда бор эътиборини Украинадаги урушга қаратишга мажбур.
Ҳозирда Россиянинг Сурияда мавжуд контингенти шиддат билан илгарилаб келаётган мухолифатни тўхтатишга қодир эмас. Бу эса Россиянинг Яқин Шарқдаги ягона ҳарбий денгиз базаси жойлашган Тартус порт шаҳрини хавф остида қолдирди. Боиси Ҳумуснинг қўлдан кетиши мазкур базани Суриянинг Асад назоратидаги қисмларидан узиб қўяди. Бу эса Кремлни Украинадаги позицияларини заифлаштириш эвазига бўлса ҳам қўшимча куч жалб қилишга мажбурлаши мумкин.
Башар Асад режими Москва учун Яқин Шарқдаги геосиёсий таъсирини ушлаб туришда муҳим роль ўйнайди. Минтақанинг Россия ҳарбий ҳозирлиги мавжуд ягона давлати Сурия ҳисобланади.
Асаднинг бошқа бир иттифоқчиси "Ҳизбуллоҳ" эса тўғридан тўғри қўшимча куч юборишни режалаштирмаётганини маълум қилди. "Сурия армияси жангчиларга муҳтож эмас", деган гуруҳ вакили Newsweek учун изоҳида.
Мухолифат ҳужуми Дамашқнинг ҳар икки иттифоқчиси ҳам ўз муаммолари билан ўралашиб қолган вақтга тўғри келгани ҳам уларни мураккаб аҳволда қолдирмоқда.
"Jerusalem Post" нашрининг ёзишича, Асад режимининг ағдарилиши Исроил учун ҳам ёмон хабар ҳисобланади. Исроил хавфсизлик хизмати Сурияда давом этаётган жангларда мухолифат кучлари Асад режимига тегишли стратегик қуролларни қўлга киритишидан хавотир билдиришган.
Улар бу қуролларнинг келгусида Исроилга қарши қўлланилиши мумкинлигидан қўрқишига ишора қилган.
Стратегик қуроллар қаторига ракеталар, кимёвий қуролларни ишлаб чиқариш ва сақлаш иншоотлари, масалан, зарин, танклар, зирҳли транспорт воситалари ва қирувчи самолётлар ҳам киради.
Минтақада шунингдек, турли хил енгил қуроллар, қўлбола ракеталар, ўқ-дори захиралари ва бошқа қуролларни ишлаб чиқариш учун инфратузилма объектлари жойлашган.
Қуролли мухолифат аллақачон Ҳумус шаҳрининг этагида турганини ҳисобга олсак, Башар Асад режимининг тақдири унинг иттифоқчилари қачон ва қай тарзда ҳарбий ёрдам кўрсатишига боғлиқ бўлиб қолмоқда.