02.02.2024 15:10

Исроил Дамашққа зарба берди

Жума куни эрталаб Дамашқ жанубидаги Сейида Зайнаб ҳудудига Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида уч киши, жумладан Эрон Инқилобий гвардияси маслаҳатчиси Саид Алидадий ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда TRT.

Хабар қилинишича, Сурия ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари Голан тепаликларидан учирилган Исроил ракеталарининг бир қисмини уриб туширган. Бироқ бир нечтаси нишонларгача етиб бориши натижасида қурбонлар берилган. Алидадийдан ташқари, эронпараст ҳарбийлаштирилган тузилмалар жангчилари ҳам ҳалок бўлган. Sky News - Arabiya хабарига кўра, ҳалок бўлганлар орасида Эрон ва Ироқ фуқаролари ҳам бор. Эрон томони бу воқеага ҳозирча изоҳ бергани йўқ.

Турли манбаларга кўра, ўтган йилнинг декабрь ойидан бери Исроилнинг Суриядаги ракета зарбалари натижасида Эрон инқилоб гвардиясининг бир неча зобити ҳалок бўлган, улардан бири юқори мартабали разведка генерали бўлган.

Аввалроқ, 29 январь куни Сурия пойтахти четида эронлик маслаҳатчилар қароргоҳи Исроил ракеталари томонидан ҳужумга учраган эди. Сурия ахборот агентликлари мамлакат ҳарбий департаментига таяниб, шундан сўнг тинч аҳоли ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.