Курск вилоятидаги вазият қандай?
11 сентябрь куни Россия қўшинлари 6 августдан буён бир қисми Украина Қуролли Кучлари назорати остида қолаётган Курск вилоятида қарши ҳужумларни бошлади. “Ахмат” махсус кучлари қўмондони генерал-майор Апта Алаудиновнинг сўзларига кўра, Россия кучлари 10 га яқин аҳоли пункти устидан назоратни тиклаган.
"Курск йўналишининг ўнг қаноти бизга топширилган, бўлинмаларимиз аллақачон
пастдан ҳужумга ўтди. Кеча ва бугун Курск вилоятидаги жами 10 га яқин аҳоли
пунктлари бу йўналишда озод қилинди”, — деди Алаудинов.
Россия Мудофаа вазирлиги 10 нафар украиналик ҳарбий хизматчи
асирга олингани ва кунига 350 дан ортиқ украиналик ҳарбий хизматчининг Курск
йўналишида ҳалок бўлганини эълон қилди.
Турли манбаларга кўра, рус қўшинлари тахминан 150 кв км майдонда олдинга силжиган.
Қарши ҳужумда 155 ва 810-бригадаларнинг денгиз пиёдалари, шунингдек,
56-ҳаво-десант полки иштирок этмоқда.
Украинанинг DeepState OSINT-лойиҳаси Россиянинг қарши ҳужуми
ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. “[Украина] гуруҳимизнинг Курск вилоятидаги чап
қанотидаги вазият ёмонлашди”, дейилади хабарда.
Ҳарбий таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Россия армиясининг
асосий мақсади Глушковский туманини
озод қилиш бўлиши мумкин. Мутахассислар, шунингдек, Украина Қуролли кучларининг
асосий таъминот магистралидан узоқда жойлашган ҳужум учун танланган жойнинг
стратегик аҳамиятини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Украина қуролли кучлари 6 август куни Курск
вилоятига ҳужум қилиб, 100 га яқин аҳоли пунктлари жойлашган 1300 кв км дан ортиқ майдонни эгаллаган эди. Россия
президенти Владимир Путин душманни Курск вилоятидан сиқиб чиқариш ва
фуқароларни ҳимоя қилиш Россия қуролли кучлари учун “муқаддас бурч” эканини
айтди.