18.01.2024 08:59

Покистон Эрондаги "террорчилар нишонларига" зарбалар берганини эълон қилди

Покистон Эрон билан чегарадош Систон ва Балужистон вилоятида жойлашган “террорчилар бошпаналари”га зарба берди. Бу ҳақда Покистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилади.

“Бугун эрталаб Покистон Эроннинг Систон ва Балужистон вилоятидаги террорчилар масканларига юқори даражада мувофиқлаштирилган ва аниқ мақсадли бир қатор ҳарбий зарбалар берди”, — дейилади хабарда.

Агентлик маълумотларига кўра, Marg Bar Sarmachar код номини олган операция мавжуд разведка маълумотлари асосида ўтказилган. Зарбалар натижасида “бир қанча террорчилар йўқ қилинди”, дея қайд этди Покистон ТИВ.

Вазирликнинг таъкидлашича, сўнгги бир неча йил давомида Эрон томони билан алоқалар олиб борилганда, Исломобод “Эроннинг бошқарилмайдиган ҳудудларида келиб чиқиши покистонлик террорчиларнинг бошпаналаридан жиддий хавотирда” экани маълум қилинган. ТИВнинг қўшимча қилишича, Покистон Эронга кўрсатилган ҳудудларда “бу террорчиларнинг мавжудлиги ва фаолияти” ҳақида аниқ далиллар билан маълумотларни тақдим этган.

Эрон расмийлари, ўз навбатида, Покистоннинг Эрон ҳудудига ракета ҳужуми натижасида уч аёл ва тўрт бола ҳалок бўлганини маълум қилди.

Аввалроқ Эроннинг Тасним ахборот агентлиги Эрон Покистоннинг Балужистон вилоятидаги “Жайш ал-Адл” ташкилоти лагерларига ракета ва учувчисиз учоқлардан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берган эди.

Покистон Эроннинг ўз ҳудудига уюштирган ҳужуми муносабати билан ўз элчисини Теҳрондан чақириб олишга қарор қилди.

Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян покистонлик ҳамкасби Жалил Аббос Жилоний билан телефон орқали мулоқот қилди. Томонлар Эроннинг Покистон ҳудудига қилган ҳужумларидан кейин икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳолатини муҳокама қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.