“Пўлат асаблар”. Ҳамас нега тушкунликка тушмаяпти?
“Қўзғалган кимса умидсизликка берилмайди. Ғазабни муттасил ичга ютиш ва адолатсизликка жим қараб туришнинг оқибати тушкунликдир. Тушкунлик эса инсонга ожизликдан бошқа ҳеч нарса туҳфа этмайди”.
Психолог Мустафо Ҳижозийнинг ушбу сўзлари бежиз айтилмаган.
Ғазодаги уруш мобайнида сионистлар ҳар доимгидек ҳийла ташвиқотини ишга солиб, ишғол медиаси орқали фаластиликларни эрк ва адолат курашчиси эмас, балки қора кучлар сифатида тасвирламоқда.
Уларнинг таъбирича мусулмонлар – ёввойилар, бегуноҳлар устига тинимсиз бомба ёғдираётган босқинчилар эса маданиятли халқ, деб талқин қилиняпти. Исроил ва Ислом душманларининг ушбу ташвиқот воситаси бугун ўйлаб топилгани йўқ, аксинча тарихда турли вазият, уруш ҳамда ҳақиқат ва ботил ўртасидаги курашларда ишлаб чиқилган найрангдир.
Жазоирлик психолог шифокор Франз Фанон бу борада яна бир жиҳатга эътибор қаратади. Унга кўра, “инсонларнинг мустамлакачилик остидаги исёнкорона хатти-ҳаракатларини ақлдан озиш ёки асаб тизимининг кескин қўзғалиши сифатида изоҳламаслик керак. Бу мустамлакачилик маҳсули ва зулмга қарши табиий реакциядир”.
Кўплаб руҳшуносларнинг фикрича, қаршилик жангчиларининг тўқнашув зоналаридаги ҳаракатлари у ердаги оддий инсонларга ҳам таъсир қилиб, мусулмонларнинг ўзлигини англаши, камситиш ва зулмга қарши ўзларини мардона тутишлари сингари табиий ҳисларини уйғотиб юборди.
Худди, Аднан Абу Ситта йўлидан чиққан ўнлаб қуролсиз аҳолини ўлдирган Исроил ишғолчиларига тегишли ҳарбий механизмни нишонга олиб, “портлатдим”, дея қувончи ичига сиғмай сакрагани каби.
Мустамлака – хасталик, қаршилик эса – даво
Фрейд психоанализ тадқиқот маркази тушкунликни кишининг ўзига ўзи босим ўтказиши сифатида изоҳлайди. Вақти-вақти билан инсон ўзига ёмонлик қилаётган куч билан юзлашиши мумкин. Зулмга қарши қўрқув ва бошқа сабаблар билан жавоб қайтармаган киши ўзидаги енгиш кучи, энергиясини ичига ютишни бошлайди.
“Энергиянинг сақланиши” эса физика қонунига мувофиқдир. У бир ҳолатдан бошқасига ўзгариб туради. Инсоннинг ташқи душманга қарши энергияси ички безовталикка айланади - ўз-ўзига бўлган ҳурматнинг йўқолиши ва хатокорлик ҳисси туфайли мазлумнинг аввалги қуввати ўлади. Ҳаттоки инсон ўзидаги руҳиятни туширувчи ва ундаги жидду жаҳднинг пасайишига олиб келувчи майиблик профили ясай бошлайди. Охир-оқибат унинг кундалик вазифаларни бажариши ва ҳаётдан завқ олишида муаммолар пайдо бўлади.
Лекин, тушкунликка тушмасак нималар юз беради? Назарийлик айтадики, кишининг ичида сақланиб келган шиддат турли томонларга сарфланади. Аввало зулм ҳисси бостирилади ва у ҳам энергия сингари ичида йиғилади. Шундан кейин исталган босим ҳолатида портлаш содир бўлади. Бу портлаш кўпинча нотўғри йўналтирилади ёки ўша сақланиб қолган энергия кишининг ўзига қаратилиб, суицидга ҳам етаклаши мумкин.
Баъзан ҳафсаласизлик, сўзларнинг кор қилмаслигини ва баъзида эса воқелик имкониятларидан тўсилганимизни кўрамиз. Шу пайтда биз тасодифан ўзимизни жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан портлаш ҳолатида топамиз. Чунки бу, биз инқирозга юз тутган воқелик тўғрисида айтмоқчи бўлган сўзимизни эшиттириш учун охирги чорамиз ва узоқ вақтдан бери дардимизни беэътибор қолдираётганларнинг эътиборини тортиш воситаси ҳисобланади.
Бугун Ислом душманлари ва уларнинг малайлари мусулмонлар ғазабига дучор бўлишдан қўрқади. Ғарб психиатриясининг қарама-қаршилик, норозилик ва умидсизлик туйғуларини рационализация қилиш (мантиқийлаштириш) учун дахлдор бўлишга уриниши мана шундан келиб чиқади. Шу зайлда улар мазлумни ғазаб туйғуларига мағлуб бўлмасликка чақиришади. Бундан ташқари, тавсиялар мавжуд энергияни таълим олишга, ишдаги самарадорликни оширишга ва бошқа машғулотларга йўналтиришни ҳам назарда тутади. Одатда, психологик муолажа кўп ҳолларда фақатгина биргина мақсад учун хизмат қилади. У ҳам бўлса, инсонни кучли ваҳима ва тушкунлик сабабли юзага келган мураккаб вазиятдан чиқаришдир.
Ғарбнинг одатий чақириғи: эй дунё аҳолиси, муаммо руҳиятингиз билан боғлиқ!
“Психологик нуқтаи назар Жаҳон банки ва Халқаро Валюта Жамғармаси томонидан талон тарож қилинадиган ҳудудларда яшовчи шахсларнинг психологик муаммолари ҳақида сўз юритар экан, истеҳзоли характер касб этади”.
Евгения Цао, “Фармацевтика империализми ва глобал психотерапия савдоси” китобидан.
2008 йилда Ҳиндистоннинг Видарба ҳудудидаги ҳинд қишлоқлари қақшатқич зарбани бошдан кечирди. У ерда ҳар 8 соатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилди. Эътиборлиси суицид қурбонлари асосан деҳқонлар эди.
Ҳинд яримороли марказида жойлашган Видарба ҳудуди аҳолиси асрлар давомида ўтроқ қишлоқ хўжалигида яшаган. Ушбу ҳудуд пахта ва соя ловияси етиштириши билан машҳур эди.
Ҳудуднинг қишлоқ хўжалигига асосланган ҳаёти ҳатто ўтган асрнинг 70-йилларида ҳам, капитализмга қадам қўйилганида ҳам маҳаллий уруғларга таянар эди. Ушбу даврда ҳинд ҳукумати дунё бозори талабига мослашиш мақсадида генетик жиҳатдан ўзгартирилган янгича зироат саноати билан шуғулланувчи йирик ғарбий инвестицияларнинг маҳаллий бозорга кириб келишига рухсат берди.
Ажнабий компаниялар эса бозор иқтисодиётини хонавайрон қилди. Нархлар кўтарилди ва деҳқонлар кредитлар туфайли қарзга ботди. Кейинчалик деҳқонларнинг пестицид – экинларни зараркунандалардан ҳимояловчи кимёвий-биологик дориларга эҳтиёжи ошди. Бозордаги ҳолатнинг ўзгариши, ижтимоий хавфсизлик тармоқларининг йўқолиши ва қарз тўлашдаги муаммолар оқибатида ушбу ҳудудда яшовчиларнинг аксари ўз жонига қасд қила бошлади.
“Видарба” Ҳиндистондаги ўз жонига қасд қилиш ҳолати кузатилаётган ягона қишлоқ эмасди. 1997-2007 оралиғидаги ўн йил давомида деҳқонлар орасида иқтисодий етишмовчилик сабабли ўз жонига қасд қилганлар сони 200 мингга етгани айтилади.
Деҳқонлар орасида оммавий рўй берган ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг 87 фоизи қарз ва замонавий амалиётлар туфайли деҳқончилик мажбуриятларини бажара олмасликдан келиб чиққан.
Шундан сўнг, Андра Прадеш штати ҳокими бир гуруҳ руҳшуносларни мазкур ҳодисаларни камайтириш мақсадида юборади. Ҳукумат психологик тушунтиришлар ёрдамида натижага эришади, фақат деҳқонларда ўзини ўлдиришга оид бирор генетик нуқсон топилмаслиги мутахассисларни ажаблантиради.
Эътибор беринг! Генетик нуқсон ҳақида гап кетяпти, иқтисодий ва сиёсий анормаллик ҳақида эмас.
Масаланинг яна бир қизиқ томони, халқаро ташкилотлар ва глобал органларнинг ушбу режали жиноятга нисбатан муносабати бўлади. “Дунё руҳий саломатлик” ҳаракати (MGMH) Жаҳон банкини даромади паст ва ўрта бўлган мамлакатларда руҳий саломатлик бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга чақирди.
Истеҳзоли тафовутни қаранг! Халқлар устида ҳукмронлик қонунларини тузиб чиққан тарафнинг ўзи иқтисодий зулм ва давлатнинг неолиберал сиёсати жабрланувчиларига ёрдам беришга чақирмоқда. Устига устак бу “ечим” муаммонинг илдизини қўпориб ташлаш ўрнига кўрилаётган чора ҳисобланади. Улар мазлумларнинг иқтисодий муаммоларга чидаб яшашини истамоқда. Чунки ўз жонига қасд қилиш саҳнаси бойлик ва психологик тиббиёт устида монополия ўрнатган Ғарб мустамлакачиларини безовта қиладиган манзара.
Шу ўринда “Тушкунликка тушган қўзғалолмайди, қўзғалган эса тушкунликка тушмайди”, гипотезасини қўллаб қувватлайдиган яна бир қанча далиллар мавжуд. Фуқаро фаоллиги ҳамда сиёсий турғунликни ўрганиш бизга тушкунлик даражасини камайтириш аҳоли орасидаги фаолларга боғлиқ эканини кўрсатди.
Шундай қилиб, ҳар қандай зулм қаршисида икки хил реакцияни кўриш мумкин: душманга таслим бўлиш орқали тушкунлик ва ўз-ўзини маънавий ёки жисмоний ўлдириш. Иккинчиси эса ижобий - зулмга қарши чиқиш ва унинг ижрочиларига қарши кураш модели. Жидду жаҳд ва сабот ўз эгасини қўллаб қувватлайди ва уни тушкунлик боғичига илакишиб қолишдан сақлайди.
Халқларнинг дардини енгиллатиш: вазиятларни шахсий қабул қилманг. Ижобийроқ бўлинг!
“Ҳаётимизда гоҳ бизни ғазаблантирадиган, гоҳ ҳеч кимни ғазаблантирмайдиган онлар бўлади. Бу эса, ҳиссиётларимизнинг хира тортганини ва мусибатларимиз бизни тебратмай қўйганидан дарак. Биздан кимнингдир ақлдан озиши, халқимизнинг соғлом бўлиб, менсимасликка нисбатан бетоқат эканига далолат қилади. Соғлом инсонларнинг ақл-ҳушларини йўқотмасликлари, уларнинг ҳиссизлигидан эмас, аксинча ўз ақлидан ана шу менсимасликни, беэътиборликни даф қилиш учун фойдаланганини билдиради”.
–Мамдуҳ Удвон, “Ақлдан озишдан сақланиш” муқаддимаси.
Баъзан ақлий хасталикни антропология ва фарқли маданиятларни танимасдан тушуна олмаймиз. Худди шунингдек ўсаётган ва камбағал давлатлар бошидан кечираётган маргиналлашув ва иқтисодий-сиёсий қийинчилик ҳаётидан бохабар бўлмай туриб, таблетка ва транквилизаторлар ёрдамида муаммони бартараф қилиб бўлмайди, аксинча янада кенг кўламли ечимга эҳтиёж бор.
Золим ҳокимлар инсоннинг касаллик симптомларини ана шу симптомларни келтириб чиқараётган боғламдан узиб олиш орқали вазиятни юмшатишга уринмоқда. Ана шунда давлатнинг сиёсий хатолари тўғрисидаги тортишувлар эшиги ёпилиб, сиёсий-иқтисодий жараён тўғрисидаги танқидлар тўхтайди.
Психологик муаммоларни бошдан кечираётган кишиларга эса гўёки улар юзлашаётган ижтимоий муаммоларнинг биргина ва ягона сабабчиси айнан уларнинг ўзлари экани уқтирилади.
Шахсларнинг руҳий ҳолати миядаги кимёвий мувозанатнинг бузулиши ёки воқеиликни салбий қабул қилишидан экани, уларни позитив бўлишга ва хасталикдан соғайиш учун муолажа олишга чақирилади. Фақат бу янглиш ташхиснинг ортида психологик саломатлик мутахассиларининг руҳий ва психологик колонизацияси ётади. Чунки бунда зулм ва репрессиянинг сиёсий контексти учун касбий қўлланма ва кўрсатмаларга риоя қилиш баҳонасида беморнинг муҳитидан фойдаланилади. Худди шу қўлланмалар дунёнинг бошқа халқлари устида мустамлакачилик ва ғайриинсоний қонунларни ўрнатган миллатлар томонидан ишлаб чиқилган. Лекин бу нуқтада неврологик ва психологик даражада фундаментал нуқсон сабабли психологик муаммоларни бошидан ўтказиб, таъсирли ва фойда берадиган муолажага эҳтиёжмандлар билан Исроил ишғоли сабабли кундалик юз бераётган сиёсий ҳуқуқбузарликларга нисбатан табиий реакциясини билдираётган одамларни ажрата олиш муҳим саналади. Бу ҳолат фақатгина давомий равишда кишиларнинг ўзига йўналтирган репрессияси натижасида юзага келган жамоавий азият сифатида тушунилиши лозим.
Юқорида айтилган нарсага мисол, руҳий саломатлик хизмати кўрсатувчи ташкилотлар Фаластиндаги вазиятда ва Сурия режими жабрланувчиларига гуманитар ёрдам кўрсатиш борасида деполитизацияга (политикасизлик) ва моҳиятни фош қиладиган сиёсий тус олишдан узоқ туришга асосланган ёндошув қўллайдилар. Бу эса, ишнинг якунида жабрланувчиларга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиришларига сабаб бўлади. Баъзан бу ҳолат жабрланувчиларнинг муолажа амалиётларини давом эттиришдан бош тортишигача олиб келади.
Агар биз кундалик вайронагарчилик ва портлашларга гувоҳ бўлган ҳалаблик жабрланувчини тассаввур қилсак, мазлумнинг золим сиёсатига қарши радикал ёндашуви нормал ҳолат саналади. Айнан шу нуқтада, агар психолог “когнитив бузилишлар” концепциясини қўллашга ва зулм кўрган жабрланувчига “Сен шунчаки тушкунликка тушгансан. Муолажадан сўнг фикринг ўзгаради”, дея аврайдиган бўлса, у профессионаллик доирасидан чиқиб, золимнинг шеригига айланади.
(Расм)
Ушбу муолажа ғарб давлатларидан бирида яшаб, ишга кетаётиб, бепарво ҳайдовчилардан бирининг туртиб юборишидан азият чеккан инсонга мос тушиши мумкин.
Бугун сионистларнинг фаластинликларга нисбатан геноциди янада ваҳший тус олиб бормоқда. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Руҳий саломатлик бўлими бошлиғи, шунингдек Жорж Вашингтон универститетининг психиатрия ва хулқ-атвор (хатти-ҳаракатларни ўрганадиган) фанлари бўйича ёрдамчи мураббий Доктор Самаҳ Жабр “Араб 48” сайтига интервью берди.
“Ишғол остидаги фаластинликларга берилаётган психологик зарбалар бир неча даражага ажратилади. Одамлар ҳибсга олиниши ё бўлмаса қийноққа солиниши, бирор баҳона билан ўлдириб юборилиши мумкин. Кейингиси, Ғазо секторидаги сионист геноциди - жамиятда қўрқув ҳиссини юзага келтирадиган жамоавий зарбалар”, - деган у.
Шунингдек, мутахассис ғарбий тиббий моделлар қандай қилиб мусулмонларни заифлаштиришга уринаётгани ҳақида гапирган. Ўз ўрнида истерик (невроз) ёки патологик сифатида баҳоланадиган баъзи хатти-ҳаракатларни фаластинликлар мисолида профилактик ҳаракатга айланиб кетганини кўришингиз мумкин. Исталган лаҳзада содир бўлиши мумкин бўлган бомбаланиш туфайли уйқудан олдин устларига ҳижобларини кийиб олган қизларнинг қарори бунга мисол бўла олади. Бу скептицизмга хос (ҳар нарсага шубҳа билан қараш) ақлдан озиш эмас, аксинча оналарининг ярим кечаси қўлга олиниб, қамоққа олиб кетилишига гувоҳ бўлган фарзандларнинг тайёргарлигидир.
Бундай жамиятда психологик зарбаларнинг барча кўринишлари мавжуд бўлиши мумкин. Мазлумларнинг хатти-ҳаракатлари эса уларда руҳий муаммо борлигини билдирмайди.
“Биз яшаш учун ўзимизга ҳикоялар сўзлаймиз. Бошдан кечираётган кўргуликларимизни ўзимизнинг зеҳн ва хаёлимиз ёрдамида каттароқ кўламда жонлантиришимиз яраларимизнинг битишига ҳамда оғриқларимизнинг малҳамга айланишига ёрдам беради.
–Марк Мариани
Фавқулодда оғриқ берувчи ҳодисага дуч келган инсон вужудидаги ягона истак - яшаб қолиш бўлади. Бу нарса унинг ягона бирламчилиги ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам бундай одам шошилинч бўлмаган вазифаларни бажаришни кечиктиради.
Олимлар руҳий ларзадан сўнг ақлнинг бошдан ўтказилган оғриқли ҳодиса билан боғлиқ хотирани сақлаб қолиши натижасида аста-секин кучайишига ишонадилар. Чунки даҳшат ва қўрқув каби жисмоний ва ҳиссий тафсилотларни эслаб қолиш осон. Лекин ҳодиса жараёни, ери ва вақти каби бошқа муҳимроқ тафсилотларни ёдга олиш қийин бўлади. Бу нарсаларсиз ақл оғриқли хотираларни нима қилишни билмайди. Уни қаерга қўйсин? Шундай саросима сабабли хотира дуч келган қўшиқ ёки ҳид каби ҳиссий сезгилар билан боғланиб қолади. Бунга дучор бўлган киши эса ўзини хотирот уммонида сузиб юрган кемадагидек ҳис қилади. Ўтмишдаги воқеалар такрорига доимо шай туради. Унинг оташини ёқадиган ҳар қандай учқундан эҳтиёт бўлиш лозим. Мана шу ўринда ҳикоя терапияси асқотади. Чунки ҳикоялар онгни ана шу хотиралар тафсилотини эслаб саросимага тушиш ўрнига воқеиликни тартибга солишга ёрдам беради.
Ҳикоя терапияси жараённи бошидан жой-жойига қўяди. Ғам чекаётган киши ҳикоясини бошидан охиригача сўзлаб беради. Ҳикоядаги оғриқли ҳодисалар орадаги бўшлиқларга жойлаштирилади.
Бу нарса ақлга оғриқли хотираларни маълум бир вақт ва макон билан чегаралашга ёрдам беради. Натижада бу фақатгина ўтмишга хос нарсага айланади. Унинг қайғуси эсга доим ҳам келавермайди.
Бу усул Ғазо аҳлига қандай ёрдам бериши мумкин? Эҳтимол уруш тугагач улар бошдан кечирганларини шу тарзда ҳикоя қилиб берар. Шахсларнинг ҳикоялари ҳақиқий бўлиши шарт эмас, лекин ҳикояларнинг туғилишига сабаб бўлган ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий жараёнларни фаҳмлаш муҳим.
Эҳтимол фаластинликлар пайқамаётгандирлар, улар ёвуз душманга қарши курашиб, ўзларининг қаҳрамонлик ҳикоясини ёзишяпти. Ҳикоялар уларнинг жамиятининг бир бутунлигини сақлаб турибди. “Биз рақам эмасмиз!” ташаббусида бўлгани каби. Ушбу ташаббус ишғол остидаги фаластинликлар ва чодирлардаги эмигрантларнинг Томсга кўрсатган қаршилик ташаббуси эди. Чунки Томс дунёга улар ҳақида сўзлар экан уларни фақатгина ўлганлар, яраланганлар ёки ёрдам олганларнинг сони бўлмиш рақамлар билан тилга оларди. Лекин, тегишли сайтларда айтиб ўтилганидек, рақамлар инсонийликдан айро нарса, бу хатти-ҳаракат гувоҳларни гангитиш ва унинг фаластинликларни рақам сифатида кўришидан бошқа нарсага ярамасди.
Ушбу ташаббус фикри 2014 йилда америкалик журналист Пэм Билли томонидан ўйлаб топилди. Пэмга ушбу ташаббус фикри фаластинлик ҳуқуқшунос Аҳмад Ноуқ билан фаолияти асносида келди. Бу Исроилнинг 2014 йилнинг ёзида фаластинликлар билан душманчилигини олиб бораётган пайтларга тўғри келади. Аҳмаднинг укаси Айман 23 ёшида Исроил ракетаси сабабли ўлганди. Аҳмад эса тушкунликка тушиб қолди. У бу тушкунликдан ўзини ҳеч нарса қутқаролмайди, деб ўйларди. Кейин умрининг шу даврида Пэмни учратди. Пэм Аҳмадни иниси ҳақида ҳикоя ёзиш орқали уни хотирлаб, тадбир ўтказиш учун руҳлантирди. Аҳмад инглиз адабиётини ўрганганди. Шу сабабли Пэмнинг фикри у учун мантиқли ва мутахассилиги жиҳатидан ҳам муносиб бўлиб, Пэм ҳам бу ишда ўз ёрдамини аямади. Ҳикоя уч ой давомида ёзилди. Ваниҳоят нашр қилиниб, Пэмнинг истаги амалга ошди. Аҳмад соғайиб тушкунликдан чиқа бошлади. Пэм ҳам рўй берганидек умумий фойда олишни истаган эди. Мана шу ҳикояли терапевт услуби бўлади! Ҳикоя ва маъно ижоди! Эшитиладиган овознинг ижоди! Барча лаҳзалар саробга айланган бўлса ҳам, ўз шахсий ҳикоясини тамомлаш!
Агар фаластинликлар ва қаршилик ҳаракати барқарорликка эришадиган бўлса, шубҳасиз бунга сабаб уларнинг эътиқоди кучлилиги, момоларининг ҳикоялари, қадриятларига содиқлиги, миллат қаҳрамонлари ва зулмга қарши бош кўтарганларни террорчи эмас, ўз фарзандлари деб ҳисоблаганларидан бўлади. Кўплаб изланишлар шуни кўрсатадики, ўз қаҳрамонларини зеҳнларида жонлантира олган шахслар ва жамиятлар инқирозларни енгиб ўтишга, уруш ва қийинчиликлардан сўнг қаддини тиклаб олишга бошқалардан кўра кўпроқ қодир бўлади. Тарихдан маълумки, золимлар бир жон ва бир тан бўлган халқларни ҳеч қачон енга олмаган.