06.01.2024 13:19

ОАВ: Исроил элчихоналарига ЖАРга қарши сиёсатчи ва дипломатларга босим ўтказишни буюрди

Исроил ТИВ бошқа давлатлардаги элчихоналарига Тел-Авивни Ғазо секторида “геноцид содир этишда” айблаб Халқаро судга мурожаат қилган ЖАРга қарши баёнот беришлари учун сиёсатчилар ва дипломатларга босим ўтказишни буюрди, дея хабар бермоқда телеграмма нусхасини қўлга киритган Axios нашри.

“Зудлик билан <...> қуйидаги тамойил бўйича очиқ баёнот беришни сўраймиз: <...> Мамлакатингиз Исроилга қарши илгари сурилган асоссиз айбловларни энг ғазабли тарзда рад этишини эълон қилсин”, — дейилади телеграммада. 

Портал маълумотларига кўра, пайшанба куни Исроил вазирлиги юборган телеграмма Тел-Авивнинг БМТ Халқаро судида бўлиб ўтадиган тингловлар олдидан дипломатик ҳаракатлар режаси: Исроилга анклавда ҳарбий ҳаракатлар олиб боришни тақиқламаслиги учун Халқаро судга босим ўтказмоқчи эканини кўрсатади.

Исроилнинг бошқа мамлакатлардаги элчихоналарига юқори даражадаги дипломатлар ва сиёсатчилардан Тел-Авив Ғазога инсонпарварлик ёрдамини кўпайтириш ва анклавдаги тинч аҳолига етказиладиган зарарни минималлаштириш учун ҳаракат қилаётганини "оммавий тан олишларини" сўраш ҳам топширилган.

"Исроил элчиларига суд мажлислари олдидан зудлик билан бундай баёнотларни чиқартириш бўйича иш олиб бориш топширилди. Уларга Исроил бош вазири Биньямин Нетаняху ўнлаб дунё етакчиларига худди шундай мактублар (қўллаб-қувватлаш сўраб. - таҳр.) юбориши ҳақида маълумот берилди", - дея таъкидлади Axios.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил декабрида ЖАР Ғазо секторидаги вазият юзасидан Гаагадаги Халқаро судга геноцид конвенцияси бўйича Исроилга қарши иш қўзғатди ва судни Тел-Авивга қарши вақтинчалик чоралар кўришга чақирди. Биринчи суд мажлислари 11-12 январь кунларига белгиланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ғазо секторида қурбонлар сони 22,6 минг кишидан ошган, 57 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Исроилда эса 1,2 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, беш мингдан ортиғи яраланди. 

Фото: Исроил Ташқи ишлар вазирлиги, Тел-Авив

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.