Исроил БМТ Халқаро Судининг Ғазо секторидаги геноцид даъвосида вақтинчалик чоралар кўриш ҳақидаги қарорини рад этади. Бу ҳақда Исроил бош вазири Беньямин Нетаняху маълум қилди, дея хабар бермоқда Anadolu.

“Барча давлатлар сингари Исроил ҳам ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу асосий ҳуқуқни инкор этишга ҳар қандай уриниш яҳудий давлатига қарши очиқ-ойдин камситишдир ва биз ҳақли равишда рад этамиз. Исроилга геноцид айбини қўйиш нафақат нотўғри, балки ҳайратга солади ва барча виждонли одамлар буни рад этишлари керак”, — деди бош вазир видеомурожаатида.

Унинг сўзларига кўра, "Исроилнинг халқаро ҳуқуққа содиқлиги бузилмас". "Аммо бизнинг мамлакатимиз ва халқимизни ҳимоя қилишда давом этиш бўйича муқаддас мажбуриятимиз ҳам худди шундай собит", - дея қўшимча қилди у.

Ҳукумат раҳбари Исроил “Фаластин тинч аҳолига зарар етказмаслик учун барча имкониятларни ишга солиб, ҲАМАСдан ҳимояланишда” давом этишини айтди.

Нетаняху, шунингдек, вазирларни Халқаро суд қарорига изоҳ бермасликка чақирди. "Исроил бош вазири Беньямин Нетаняху ҳукумат аъзоларидан Халқаро суднинг Ғазо секторидаги геноцид ҳақидаги қарорига изоҳ бермасликни сўради", дейилади Исроилнинг КАН давлат телеканали хабарида.

Исроил миллий хавфсизлик ва мудофаа вазирлари Халқаро судни «антисемитизм»да айблади

Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир, ўз навбатида, Халқаро судни «антисемитизм»да айблади.

"Гаагадаги антисемитизм судининг қарори аллақачон маълум бўлган нарсани исботлайди: бу суд адолат изламайди, унинг мақсади яҳудий халқини таъқиб қилишдир", деди ўта ўнг сиёсатчи.

Унинг сўзларига кўра, Халқаро суд "Холокост ҳақида сукут сақлади ва бугун яна бир иккиюзламачи қадам ташлади".

Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант ҳам Халқаро судни «антисемитизм»да айблади.

Унинг сўзларига кўра, вақтинчалик чоралар тўғрисидаги қарорни қабул қилиш билан Халқаро суд “ўз рамкаси”дан кутилгандан ҳам кўра кўпроқ чиққан.

"Исроил давлатига Ғазо секторидаги террорчилар ва тинч аҳоли ўртасига чегара чизиш бўйича ақл ўргатишлари керак эмас", - деди Галлант.

“Исроил давлати 7 октябрни унутмайди – Исроил армияси ва хавфсизлик кучлари ҲАМАС террорчилик ташкилотининг сиёсий ва ҳарбий салоҳиятини йўқ қилиш ҳамда гаровга олинганларнинг ўз уйларига қайтишига эришиш мақсадида ҳаракат қилишда давом этади”, — дея қўшимча қилди вазир.

Эслатиб ўтамиз, 26 январь куни Гаагадаги БМТ Халқаро суди ЖАРнинг Ғазо секторида Исроил томонидан амалга оширилаётган хунрезликлар туфайли БМТнинг Геноцид тўғрисидаги конвенцияси талабларини бузганлик айби бўйича Исроилга қарши даъвоси асосида қўзғатилган иш доирасида геноцид гумони туфайли Исроилга қарши вақтинчалик чоралар тўғрисида қарор қабул қилди.

Мавзуга алоқадор