12.03.2024 07:44

Нетаняху айрим араб етакчилари уни қўллаб-қувватлаётганини тан олди

Исроил бош вазири Беньямин Нетаняху яқинда АҚШ президенти Рафаҳни “қизил чизиқ” деб атаганига қарамай, Ғазо секторининг жанубий чегарасидаги Рафаҳ шаҳрига босқинни давом эттириш ниятида эканини айтди.

“Биз у ерга борамиз. Биласизми, менда қизил чизиқ бор. Қизил чизиқ нима эканлигини биласизми? Бу 7 октябрнинг бошқа такрорланмаслиги. Бу бошқа ҳеч қачон содир бўлмайди”, - дея жавоб берди Нетаняху.

Исроил бош вазири исмларини аниқ тилга олмаган ҳолда бир қанча араб етакчиларининг уни қўллаб-қувватлашини, улар қамал остидаги Фаластиннинг Рафаҳ шаҳрига ҳужумни ҳам сўзсиз дастаклашини қўшимча қилди.

"Улар буни тушунишади ва ҳатто жимгина рози бўлишади, - деди у Axel Springer нашри билан суҳбатда. - Улар ҲАМАС Эрон террорчилик ўқининг бир қисми эканлигини тушунишади”.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Рафаҳни “қизил чизиқ” деб атаб, у ерда можаронинг кучайишига қарши экани ва Ғазо секторида 30 мингдан зиёд фаластинликнинг ўлимини қабул қила олмаслигини таъкидлаган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.