11.03.2024 07:45

Байден: Рафаҳ қизил чизиқ, бироқ...

АҚШ президенти Жо Байденнинг айтишича, бош вазир Беньямин Нетаняху Ғазодаги урушга муносабати билан "Исроилга ёрдамдан кўра кўпроқ зарар келтирмоқда". У бу фикрини MSNBC телеканалида Жонатан Кейпҳартга берган интервьюсида ўртоқлашди.

АҚШ етакчиси 7 октябрдаги ҳужумдан кейин “Исроилнинг ҲАМАСни таъқиб қилиш ҳуқуқини” яна қўллаб-қувватлади, бироқ Нетаняху “кўрилган ҳаракатлар натижасида ҳаётдан кўз юмган бегуноҳ одамларга кўпроқ эътибор қаратиши кераклигини” таъкидлади.

Қайд этиш жоизки, Байден бир неча ой давомида Ғазода тинч аҳоли қурбонлари сони ортиб бораётгани сабабли Исроил халқаро ёрдамни йўқотиш хавфи борлиги ҳақида огоҳлантириб келмоқда ва MSNBC телеканалига берган интервьюсидаги сўнгги огоҳлантиришиз Нетаняхудан норозилик кучайиб бораётганига ишора қилмоқда.

Байден Ғазодаги қурбонлар сонининг кўплиги ҳақида шундай деди: “Бу ҳаракатлар Исроил ҳимоя қилаётган нарсага зиддир. Ва менимча, бу катта хато”.

АҚШ президенти Исроилнинг 1,3 миллиондан ортиқ фаластинликлар бошпана топган Ғазонинг Рафаҳ шаҳрига эҳтимолий бостириб кириши унинг “қизил чизиғи” эканини, бироқ қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиш ниятида эмаслигини таъкидлади.

"Бу қизил чизиқ, - деди у Рафаҳ ҳақидаги саволга жавоб берар экан, - лекин мен Исроилни ҳеч қачон ташлаб қўймайман. Исроилнинг мудофааси жуда муҳим бўлиб қолмоқда, шу боис мудофаа учун зарур бўлган барча қурол-яроғларни, шу жумладан Темир гумбаз тизимларини етказиб беришни тўхтатадиган қизил чизиқ йўқ".

Байден ўз мурожаатини тўғридан-тўғри Исроил Кнессетига айтишга, шу жумладан, мамлакатга яна бир сафар қилишга тайёрлигини айтди. Эслатиб ўтамиз, Байден 7 октябрдан бир неча ҳафта ўтиб Исроилга ташриф буюрган эди.

Таъкидлаш жоизки, халқаро босимга қарамай, Исроил Ғазога бостириб кириш, жумладан, 1,3 миллиондан ортиқ фаластинлик бошпана топган Рафаҳ шаҳрига ҳужумни давом эттириш режасига содиқ қолмоқда.

Айни пайтда, Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қамал остидаги эксклавда 31 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, юз минглаб одамлар очликдан ўлиш хавфи остида. Уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.