24.04.2024 09:36

Моди мусулмонларни “айғоқчилар” деб атаб, бюджет пулларини улар учун сарфламасликка чақирди

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди сайловолди учрашувида мусулмонларни “айғоқчилар” деб атаб, “халқ бойлиги”ни улар ўртасида тақсимламасликка чақирди. Унинг сўзларига кўра, “Ҳиндистон миллий конресси” (INC) мухолифат партияси бошчилик қилган аввалги ҳукумат айнан шундай қилган.

“Сизнингча, машаққат билан ишлаб топган пулларингизни айғоқчиларга бериш керакми? Сиз бунга рози бўласизми?" - дея оломонга мурожаат қилган Ҳиндистон раҳбари агар сайловда INC ғалаба қозонса, "пул кўпроқ [мусулмон] фарзандларига тақсимланади", - деди.

Ҳукмрон миллатчи партия вакиллари кўпинча мусулмонларни улар ўртасида туғилиш кўрсаткичлари юқорилиги учун танқид қилиб, келажакда Ҳиндистондаги мусулмонлар сони ҳинду кўпчилигидан кўпроқ бўлади, деган нотўғри башоратларни келтириб ўтади.

BJP матбуот котиби Гаурав Бхатиа узр сўрашдан бош тортиб, Модининг сўзлари одамларнинг фикрларини акс эттириши ва у “нарсаларни ўз номи билан аташи”ни маълум қилди.

Бош вазирнинг бу баёнотлари унинг сиёсий рақиблари ҳамда бутун фуқаролик жамиятининг кескин муносабатига сабаб бўлди. Мухолифат Модини диний зиддиятларни қўзғатишда ва мусулмонлар ҳақида ёлғон фитна назарияларини тарқатишда айблади.

Маълумот учун, Ҳиндистонда мусулмонлар сони 202 миллион кишини ёки мамлакат аҳолининг 14,4 фоизини ташкил этади. 

Эслатиб ўтамиз, 19 апрель куни Ҳиндистонда 44 кун давом этадиган парламент сайловлари бошланди, унда қарийб 1 миллиард сайловчи иштирок этади. Овоз бериш олти ҳафта давомида етти босқичда бўлиб ўтади ва 1 июнда якунланади. Натижалар 4 июнь куни эълон қилинади. Сўровлар бош вазир Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси ғалаба қозонишини башорат қилмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.