15.01.2024 10:02

Малдив ороллари Ҳиндистондан қўшинларини мамлакатдан олиб чиқишни талаб қилди

Малдив ороллари Ҳиндистондан 15 мартгача ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишни талаб қилганини билдирди.

Мамлакат президенти Муҳаммад Муиззунинг давлат сиёсати бўйича котиби Абдуллоҳ Нозим Иброҳим матбуот анжуманида Малдив ва Ҳиндистон расмийлари пойтахт Маледа ҳинд қўшинларини олиб чиқиб кетиш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилди.

Малдив оролларидаги 88 нафар ҳинд аскарининг 15 мартгача мамлакатни тарк этиши кераклигини таъкидлаган Иброҳим Ҳиндистон ҳарбийлари Малдив оролларида қола олмаслиги, бу президент Муҳаммад Муиззу ва ушбу маъмуриятнинг позицияси эканини билдирди.

"Малдив ороллари кичик бўлиши мумкин. Бироқ бу ҳеч бир давлатга бизга нисбатан ҳурматсизлик қилиш ҳуқуқини бермайди”, - деди Хитойга 5 кунлик ташрифидан сўнг шанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида президент Муиззу.

Президент Малдив ороллари ҳеч бир давлатнинг орқа ҳовлиси эмаслигини таъкидлаб, “Биз мустақил ва суверен давлатмиз”, - дея қўшимча қилди.

Муиззу Мале мэри бўлган ва 2023 йилнинг 30 сентябрида бўлиб ўтган президентлик сайловларида 54,06 фоиз овоз олиб, амалдаги президент Иброҳим Муҳаммад Солиҳни ортда қолдирди.

Муиззу «Хитойпараст» номзод сифатида кўрилган бўлса, унинг рақиби Солиҳ эса «Ҳиндистонпараст» деб ҳисобланган.

Янги сайланган президент сайловолди ташвиқоти чоғида Ҳиндистон билан муносабатлар устувор ҳисобланган мамлакатнинг анъанавий ташқи сиёсатига чек қўйишини маълум қилди ва лавозимга киришиши биланоқ Ҳиндистондан ҳарбий хизматчилари ва техникасини мамлакатдан олиб чиқиб кетишни талаб қилди.

4 январь куни мамлакат президенти Муҳаммад Муиззу президентликка сайланганидан кейинги илк давлат ташрифини анъанага кўра Ҳисдистонга эмас, балки Хитойга амалга оширди.

Аввалроқ, 7 январь куни эса Малдив Ёшлар сиёсати вазирлигининг уч нафар ходими ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Ҳиндистон ва унинг бош вазирини “мазҳарабоз” ва “Исроилнинг қўғирчоғи” деб атагани Ҳиндистонда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ходимлар ишдан бўшатилганига қарамасдан, Ҳиндистондаги иккинчи энг йирик сайёҳлик платформаси ҳисобланган EaseMyTrip Малдив меҳмонхоналарини банд қилишни тўхтатди. Ижтимоий тармоқларда 8 мингдан ортиқ ҳиндистонлик сайёҳлар оролларга бориш режасидан қайтиб, бронларни бекор қилганини билдирди.

Ҳиндистон ва Малдив ороллари мудофаа соҳасида 1988 йилда, Ҳиндистон армияси президент Момун Абдулла Гаюм илтимосига кўра "Тамил Илам озодлик йўлбарслари" томонидан давлат тўнтаришига уринишнинг олдини олганидан бери фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Малдив оролларида 88 нафар Ҳиндистон ҳарбий хизматчиси бўлиб, улар Нью-Деҳли ҳомийлигидаги радар станциялари ва кузатув самолётларига хизмат кўрсатади. Ҳиндистон ҳарбий кемалари Малдив оролларининг эксклюзив иқтисодий зонасида патруллик қилишда ҳам ёрдам беради.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.