09.12.2023 11:32

Маданиятга тақиқ: бутун дунёда Фаластин тарафдори бўлган ижодкорларнинг кўргазмалари бекор қилинмоқда

Ижтимоий тармоқларда Фаластинни қўллаб-қувватлаётган ижодкорларнинг бутун дунё бўйлаб кўргазмалари бекор қилинмоқда. Жаҳонга машҳур хитойлик Ай Вэйвэйнинг кўргазмаси айнан шу сабаб бекор қилингани катта шов-шувларга сабаб бўлди.

“Яҳудий халқини таъқиб қилиш билан боғлиқ [Ғарб давлатларининг] айбдорлик ҳисси баъзан араб дунёси ҳисобига ювилаётгандек”, — деб ёзди Ай Вэйвэй Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

“Молиявий, маданий ва оммавий ахборот воситалари нуқтаи назаридан яҳудий жамияти АҚШ сезиларли таъсирга эга. Вашингтоннинг Исроилга йилига 3 миллиард долларлик ёрдам пакети бир неча ўн йиллар давомида АҚШ киритган энг қиммат сармоялардан бири сифатида эътироф этиб келинмоқда”, - дея қайд этди ижодкор.

Танқидчилар, жумладан нуфузли яҳудий ташкилотлари бу постни «антисемитизм» деб ҳисоблади. Лондондаги Лисон галереяси хитойлик рассомнинг асарлари кўргазмасини очилиши арафасида бекор қилди. Унинг ортидан Нью-Йорк, Париж ва Берлиндаги галереялар ҳам шундай қарорга келди.

Айнинг твити атрофидаги баҳслар Исроил-Фаластин уруши бошланганидан буён санъат ва кўнгилочар соҳаларни ларзага келтирган кўплаб можаролардан биридир. Санъат оламидаги норозилик, айниқса, Фаластин манфаатлари ҳимоячилари, жумладан, Исроилнинг Ғазони бомбардимон қилганини танқид остига олган яҳудий рассомларга нисбатан қаттиқ бўлди.

Дунёга машҳур кўплаб галереялар ижодкорларнинг Исроил-Фаластин масаласидаги позициялари туфайли кўргазмаларни, тақдирлаш маросимларини ва рассомлар билан бўлажак шартнома музокараларини бекор қилмоқда. Галереячиларнинг айтишича, коллекционерлар ҳатто рассомларнинг сиёсий қарашларини текшириб, Исроилни танқид қилгани учун асарларини кўргазмалардан олиб ташлашни талаб қилмоқда.

Нуфузли “Артфорум” журнали Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, шунингдек, фаластинликларни озод қилишга чақирган “Санъат ҳамжамиятидан маданият ташкилотларига очиқ хат”ни қайта нашр этди.

Бунинг ортидан журнал муҳаррири Девид Веласко ишдан бўшатилди, журнал ношири Жей Пенске эса унинг хатти-ҳаракатлари таҳририят жараёнига "мос келмаслигини" айтди.

Шундан сўнг юзлаб рассом ва муаллифлар журнални бойкот қилишди. Декабрь ойидаги нашрда Пенске Веласконинг кетиши "нотўғри талқин қилинган"идан афсусда эканини билдирди.

Christie’s аукцион уйи ливанлик рассом Айман Баалбакининг иккита расмини олиб ташлади: бири Фаластин ўзига хослиги рамзи сифатида кўриладиган қизил ва оқ кеффия кийган одам тасвирланган. Франкфурт китоб кўргазмасида фаластинлик ёзувчи Аданя Шибли шарафига ўтказилган тақдирлаш маросимини ҳам ташкилотчилар “Исроилдаги уруш” баҳонасида бекор қилди.

Европа ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази (ELSC) 7 октябрдан бери санъаткорларга қарши “репрессив воқеалар портлаши” содир бўлганини билдирди.

ELSC вакили Элис Гарция баъзи тадбирлар “жуда таъсирчанлиги ёки Исроилга қарши қаратилган” деб топилгани учун бекор қилинган. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатларнинг аксарияти Германияда кузатилмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.