Ливанда пейжер ва рациялар портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 37 нафарга етди
Ливан соғлиқни сақлаш вазири Фирас ал-Абяд матбуот анжуманида кўплаб рацияларнинг портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 25 нафарга, яраланганлар сони эса 608 нафарга кўтарилганини билдирди.
Абяд
жароҳатланганларнинг 61 нафари жонлантириш
бўлимида экани ва аҳволи оғирлигини қайд этди.
Ливанда 17 сентябрь сешанба куни Ҳизбуллоҳ аъзолари
томонидан фойдаланилган пейжерларда бир вақтнинг ўзида содир бўлган
портлашларда 12 кишининг ҳаётдан кўз юмганини эслатган Абяд бу ҳужумларда яраланганлар сони аслида 2323 нафар бўлгани,
улардан 1343 нафарининг аҳволи
ўртача ва оғир эканини билдирди.
Сешанба куни мамлакатда содир бўлган портлашларда
яраланганлар сонининг камайишига ярадорларнинг бир нечта касалхонага бориб
рўйхатдан ўтишлари сабаб бўлгани маълум қилинди. Шунингдек, яраланганлардан 955 нафари жарроҳлик
амалиётини ўтказгани, 226 нафари ҳали ҳам жонлантириш бўлимида экани
билдирилди.
Ўз
навбатида, Ҳизбуллоҳ рациялар портлаши натижасида 25 нафар аъзоси ҳалок
бўлганини маълум қилди. Шундай қилиб, 2023 йил 8 октябрдан бери Исроил
ҳужумларида ҳалок бўлган Ҳизбуллоҳ аъзолари сони 478 нафарга етди.
Reuters ва
The Times of Israel манбаларининг айтишича, портлаган пейжер ва рациялар
Ҳизбуллоҳ аъзолари томонидан беш ой олдин сотиб олинган. Axios маълумотларига
кўра, қурилмаларга портловчи моддалар Исроил разведка хизматлари томонидан олдиндан
ўрнатилган, сўнгра Ҳизбуллоҳга топширилган. Гуруҳ улардан Исроил билан юзага
келиши мумкин бўлган можаро пайтида фойдаланиш учун фавқулодда алоқа тизимининг
бир қисми сифатида фойдаланишни режалаштирган.