08.07.2024 12:30

Канадада черков 200 дан ортиқ жинсий зўравонлик қурбонига 76 млн доллар товон пули тўлайдиган бўлди

Канадада католик черкови мамлакат шарқидаги Нюфаундленд ва Лабрадор провинцияларида юзлаб жинсий зўравонлик қурбонларига 76 миллион доллар тўлайди.

Суд католик черкови тасарруфидаги меҳрибонлик уйлари ва мактабларида жинсий ва жисмоний зўравонликка учраган 200 дан ортиқ жабрланувчига товон пули тўлашга қарор қилди.

Суд қарорига кўра, черков 1940 йилдан бошлаб бир неча ўн йиллар давомида содир бўлган зўравонлик қурбонларига товон тўлаши шарт.

Черков тасарруфидаги интернат мактабларида тарбияланган 150 мингдан ортиқ маҳаллий болаларнинг аксарияти руҳонийлар, роҳибалар ва бошқа ўқитувчилар томонидан жисмоний, жинсий ва психологик зўравонлик ва таҳқирлашларга дучор бўлган. Ушбу мактабларнинг биринчиси 1880 йилларнинг бошида очилган, охиргиси эса 1998 йилда ёпилган.

Канададаги биринчи белгиланмаган қабрлар 2021 йил 29 майда топилган. 215 нафар вояга етмаган, баъзилари уч ёшли болаларнинг жасади Британия Колумбиясининг Камлупс шаҳридаги собиқ маҳаллий болалар ассимиляция мактаби ҳудудидан топилган.

Кейинчалик, 24 июнь куни Саскачеван провинциясидаги Кауэссесс жамияти раҳбари Кадмус Делорм 1990-йилларгача фаолият юритган ҳинду болалар учун черковга асосланган собиқ мактаб-интернат ўрнида 751 боланинг жасади бўлган белгиланмаган қабрлар топилгани ҳақида хабар берди.

Канада бош вазири Жастин Трюдо топилмаларни "Канада тарихидаги энг қоронғу боблардан бири" деб атади.

2008 йилда черков мактаб-интернатларидаги воқеаларни текшириш учун комиссия тузилди. 2015 йилда текширувдан сўнг Канада ҳукумати мактаб-интернат тизими фаолиятини “маданий геноцид” деб тан олди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.