20.09.2024 14:39

Ҳизбуллоҳ хавфсизликда жиддий хатога йўл қўйди: пейжерларни Моссаддан сотиб олди

МОССАД ва Марказий разведка бошқармасига яқин оммавий ахборот воситаларида ва ҳукуматпараст Ҳизбуллоҳ манбаларида чоп этилган материалларга кўра, Исроил разведкаси алоқа ускуналари сифатида ниқобланган портловчи қурилмаларни етказиб беришда иштирок этган. Таркибида пластик портловчи моддалар бўлган бу қурилмалар МОССАДга тегишли компания орқали сотиб олинган ва минглаб Ҳизбуллоҳ аъзоларига тарқатилган.

Исроил Ғазодаги уруш жиноятларини давом эттирар экан, Ливандаги бу янги ҳужумлар тарихга яна бир қора саҳифа қўшади. Исроил разведкасининг хатти-ҳаракатлари ҳақидаги батафсил нашрлари билан танилган Американинг нуфузли The New York Times газетасининг ёзишича, портлаган AR-924 қурилмалари Тайваннинг Gold Apollo компаниясига тегишли бренд остида Венгриянинг BAC Consulting фирмаси ишлаб чиқарган. Ушбу компания МОССАД ҳужумни уюштириш учун ниқоб сифатида фойдаланган компания ҳисобланади.

Етказиб бериш 2022 йилда бошланган

Ҳизбуллоҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ўз тарафдорлари орасида мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлашни буюргач, пейжерлардан фойдаланишга қарор қилинган. Ушбу қарордан хабар топган Исроил разведкаси сохта компаниялардан фойдаланишни бошлаган. Сохта компанияни ниқоби остида МОССАДнинг ўзи пластик портловчи модда жойлаштирилган ва детонация дастурий таъминоти ўрнатилган пейжерларни ишлаб чиқариб, биринчи партиясини 2022 йилда Ливанга етказиб берган. The New York Times нашрининг уч нафар аноним разведка манбаси пейжерларнинг келиб чиқишини яшириш учун яна камида 2 та қўшимча компания яратилганини тасдиқлади.

Икки йиллик операция

Мақолага кўра, Исроилнинг BAC Consulting компанияси дастлаб ўз хизматларини очиқ бозорда таклиф қилиб, кенг доирадаги мижозларга хизмат кўрсатган, бироқ унинг асосий мақсади Ҳизбуллоҳ бўлган. Керакли пайт келганида, компания вакиллари Ҳизбуллоҳ раҳбарияти билан қурилмаларни уларга топшириш учун алоқа ўрнатган. Ушбу пейжерлар ва радио узатгичлар Исроил разведкаси томонидан ишлаб чиқарилган ва ҳужумга тайёрланган.

Ёзда таъминотни кўпайтириш

Газета, шунингдек, Ҳизбуллоҳга буйруқларни тез қабул қилиш учун ҳар доим пейжерларни ўзлари билан олиб юриш кўрсатма берилганини хабар қилади. Икки АҚШ разведкачисининг сўзларига кўра, ёзда қурилмалар етказиб бериш сезиларли даражада ошга ва минглаб Ҳизбуллоҳ аъзолари ва уларнинг иттифоқчиларига тарқатилган.

Портда уч ой кутиш

Al Jazeera телеканалига интервью берган уруш мухбири ва сиёсий таҳлилчи Элижах Магниер ҳужум ҳақида янги маълумотларни тақдим этди. Унинг қайд этишича, қурилмалар февраль ойида ишлаб чиқарилган ва уч ой давомида Ливан портида қолган. Унинг фикрича, бундай мураккаб операцияни ташкил қилиш учинчи томоннинг ёрдамини талаб қилган. Магниер ҳар бир қурилма қўлда 1-3 грамм портловчи билан жиҳозланганлигини кўрсатди.

Металл шарчали қисмлар

Магниер, шунингдек, пейжерлар металл шарчалар билан таъминлангани, бу портлашларнинг ҳалокатли кучини сезиларли даражада оширганини таъкидлади. Ҳар томонга учган металл парчалари портлашни янада ҳалокатли қилди.

Жавобсиз саволлар

Ҳизбуллоҳ харид жараёнини қандай бошқаргани, керакли текширувларни ўтказганми ва Эрон бунда қандай рол ўйнаганлиги ҳақида кўплаб саволлар очиқ қолмоқда. Шунингдек, бу компаниялар билан қандай қилиб алоқа ўрнатилгани, нима учун АҚШ иттифоқчиси Тайвандан компания танлангани ва МОССАД Ҳизбуллоҳ тузилмаларига қай даражада кириб боргани маълум эмас.

Ишлаб чиқариш 10 йил олдин якунланган!

Ҳизбуллоҳ томонидан шошилинч алоқа учун фойдаланиладиган радио узатгичлар портлашидан сўнг, ушбу ускунани ишлаб чиқарувчи Япониянинг ICOM Inc. компанияси баёнот берди. Компания раҳбари Эномото Ёшики бу қурилмалар ўн йилдан кўпроқ вақт олдин ишлаб чиқарилган эски IC-V82 модели бўлиши мумкинлиги ва уларни етказиб бериш ўн йил муқаддас тўхтатилганини маълум қилди.

Ҳизбуллоҳ тузилмасининг фош бўлиши

Бу ҳужумлар Ҳизбуллоҳнинг ички тузилишини ҳам фош қилди. Яқин Шарқ бўйича эксперт Зоҳиде Тоуба Корнинг фикрича, Исроил амалиёти кўп оқибатларга олиб келди, жумладан, ташкилот схемасини фош қилди. Унинг сўзларига кўра, Исроил ё тинчлик келишувлари орқали Ҳизбуллоҳ билан ўйин қоидаларини ўзгартиришга ёки шимолий чегаралари хавфсизлигини таъминлаш учун тўлақонли уруш бошлашга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳужумлар натижасида фаол ва яширин кўплаб Ҳизбуллоҳ аъзолари аниқланди.

5000 кишини ўлдиришга уриниш

Ҳужумлар ортидан Ҳизбуллоҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳ Исроилнинг ҳаракатларини қоралаб, уни бир неча дақиқада 5000 кишини ўлдиришга уринганликда айблаган баёнот берди. “Душманлар икки дақиқа ичида 5000 кишини ўлдириб, халқимизни йўқ қилмоқчи бўлди”, деди у ва Исроилнинг ҳужуми Ливанга тўғридан-тўғри уруш эълон қилиш эканлигини айтди.

Манба: Yeni Şafak

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.