Ҳизбуллоҳ янги етакчисини сайлади
Ливандаги Ҳизбуллоҳ гуруҳининг Шўро кенгаши (асосий бошқарув органи) Ҳошим Сайфуддинни ташкилотнинг янги бош котиби этиб сайлади, дея хабар берди Al Arabiya ва бошқа ОАВлар манбаларига таяниб.
Сайфуддин ижроия қўмита раҳбари бўлиб ишлаган ва Исроил ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган
гуруҳнинг собиқ раҳбари Ҳасан Насруллоҳнинг амакиваччаси ҳамда АҚШ ҳаво
ҳужумида ўлдирилган Эроннинг Қудс кучлари собиқ қўмондони Қосим Сулаймонийнинг куёви
бўлади.
Al Ghad нашрининг қайд этишича, собиқ ва янги
раҳбарлар ўртасидаги ўхшашлик ҳайратланарли даражада: уларнинг ташқи кўриниши
ва овозлари жуда ўхшаш.
Ҳошим
Сайфуддин 1964 йилда Ливан жанубидаги Дайр-Қонун ан-Наҳр шаҳрида туғилган. У
Нажаф ва Қумда Насруллоҳ билан машғулот ўтказган ва 1982 йилда Ҳизбуллоҳга асос
солган. 1994 йилда Сафи ад-Дин ижроия қўмита раҳбари бўлган. Насруллоҳ ўз амакиваччаси вафот
этган тақдирда 2008 йилда меросхўр этиб тавсия қилгани ҳақида маълумот бор, деб
ёзади Al Ghad .
Al Arabiya нашрининг ёзишича, Сайфуддин ўттиз йил давомида
гуруҳнинг махфий ишлари билан шуғулланган ва умумий стратегияни ишлаб чиқишни эса Насруллоҳга топширган. BBC
Arabic’нинг аниқлик
киритишича, у Ҳизбуллоҳнинг сиёсий, ижтимоий, маданий ва маърифий фаолиятини
назорат қилишда иштирок этган. 2017 йилнинг май ойида АҚШ ва Саудия Арабистони
Сайфуддинни террорчилар рўйхатига қўшган.
Эслатиб
ўтамиз, Ҳизбуллоҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳ 28 сентябрь куни Исроил
ҳарбий-ҳаво кучларининг Байрутдаги ерости қароргоҳига уюштирган ҳужумида ҳалок
бўлган эди. Ҳаракат раҳбарияти бутун мусулмонларни "Ғазо ва Фаластинни, шунингдек, Ливанни
қўллаб-қувватлаш учун душманга қарши жиҳодни давом эттиришига" чақирган.