Ҳизбуллоҳ янги бош котиб тайинлангани ҳақидаги хабарларни рад этди
Ливандаги Ҳизбуллоҳ ҳаракати Ҳасан Насруллоҳ ўлимидан сўнг ҳаракат ижроия кенгаши раиси Ҳошим Сафийиддиннинг бош котиб лавозимига тайинланганини рад этди, дея хабар қилди Anadolu.
Ҳизбуллоҳ ёзма баёнотида баъзи матбуотда янги бош котиб тайинланиши ҳақидаги хабарларнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқлигини таъкидлади.
“Баъзи оммавий ахборот воситаларида бош котиб (Ҳасан Насруллоҳ) шаҳид бўлганидан кейин Ҳизбуллоҳ раҳбариятидаги ташкилий тартиб-қоидалар ҳақида тарқалаётган хабарлар ҳақиқий эмаслигини аниқ айтмоқчимиз”, — дейилади баёнотда.
Баёнотда, шунингдек, Ҳизбуллоҳ раҳбариятининг бу борадаги ишлари давом этаётгани таъкидланади.
Ҳизбуллоҳ ҳаракат раҳбариятининг расмий баёнотига қадар бундай хабарларга ишонмасликка чақирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Al Arabiya ва бошқа нашрлар Ҳизбуллоҳ Шўро кенгаши (асосий бошқарув органи) марҳум Ҳасан Насруллоҳнинг амакиваччаси ва эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг куёви Ҳошим Сайфуддинни ҳаракат раҳбари этиб тайинлагани ҳақида хабар қилган эди.