15.12.2023 19:52

Исроилнинг орзуси: Бен Гурион канали

Исроилнинг Ғазога ҳужумлари билан бир вақтда 1960 йилларда Сувайш каналига муқобил сифатида илк бор таклиф қилинган Бен Гурион канали лойиҳаси муҳокамалар марказига айланди. Хўш, бу канал лойиҳасининг ўзи нима? У қачон пайдо бўлган? Уни амалга ошириш мумкинми?

Исроил қамал остидаги Ғазо секторига ҳужумларини давом эттирар экан, узоқ вақтдан бери муҳокама қилиб келинаётган Бен Гурион канали лойиҳаси яна кун тартибига қайтди.
Исроил давлати асосчиси Девид Бен Гурион номи билан аталган ва 1960 йиллар охирида ишлаб чиқилган канал лойиҳаси Европа ва Осиёни боғловчи асосий юк ташиш йўли бўлмиш Сувайш каналига муқобил бўлиши мақсад қилган.

Лойиҳа ортида турган мотивни тушуниш учун Сувайш канали, 1956 йилдаги учлик (Британия, Франция ва Исроил) ҳужуми  ҳамда каналнинг ёпилиши билан жаҳон савдосида юз бериши мумкин бўлган фаққулодда ўзгаришларни ўрганиб чиқиш керак бўлади. Шунга қарамай, Ғазода содир бўлаётган хунрезликлар билан бу лойиҳа ўртасидаги боғлиқлик кўплаб мутахассислар томонидан тез-тез тилга олинмоқда.
Энди канал номини олган Девид Бен Гуриондан бошлаб тафсилотларга ўтамиз.

Бен Гурион ким?
Давид Бен Гурион (1886-1973) Исроилнинг асосчиси сифатида танилган полшалик машҳур сионистлар етакчиси.
Бен Гурион сионист жангариларга фаластинликларнинг оммавий равишда ўз ерларидан қувиб чиқариш, кўнмаганларини эса қириб ташлаш ҳақида топшириқ берган ва бутун дунёдаги яҳудий муҳожирларнинг Фаластинга оқиб келиши учун шароит яратган сионистлар раҳнамоси сифатида машҳур.
1948 йилда Исроил давлати ташкил этилганини эълон қилган Бен Гурион Исроилнинг биринчи бош вазири бўлди.

Бен Гурион канали қандай лойиҳа?
"Бен Гурион канали" деб номланган лойиҳа Ақаба кўрфазини Ўрта ер денгизи билан боғлашни кўзда тутади. Лойиҳа биринчи марта 1800 йилларнинг ўрталарида Англия томонидан Ҳиндистонга муқобил йўл орқали етиб бориш мақсадида илгари сурилган.
Бироқ даврнинг технологик имконлари лойиҳани амалга оширишга йўл бермаган. 1963 йилда Сувайш канали миллийлаштирилганидан кейин лойиҳа АҚШ томонидан яна бир бор кўтарилди. Бу сафар лойиҳа жанубий Исроилда Миср ва Иордания яқинида жойлашган Нажаф чўли бўйлаб ядровий портлатишлар орқали денгиз сатҳи билан тенг баландликдаги канал қурилишига айлантирилди.
Ўша пайтда 575 миллиард долларга тушиши башорат қилинган лойиҳа, араб давлатларининг катта қаршилигига сабаб бўлади, деган фикр билан яна тўхтатилди.
2020 йил 13 августда АҚШ Президенти Доналд Трамп воситачилигида Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) билан Исроил ўртасида “Иброҳим келишуви” (Abraham Accord) сифатида танилган тинчлик битимининг имзоланиши лойиҳани яна кун тартибига қайтарди.
Ўшанда ҳатто лойиҳа 2021 йилда бошланиши айтилган эди. Бироқ ҳозиргача лойиҳа бўйича аниқ қадамлар қўйилгани йўқ.

Нега Исроил лойиҳани таклиф қилимоқда?
1888 йилда ўша даврдаги Европанинг йирик давлатлари томонидан имзоланган “Халқаро Истанбул шартномаси” билан уруш ва тинчлик даврида Сувайш канали орқали барча кемаларнинг бепул ўтиши кафолатланган.
Бироқ 1956 йилда Миср Президенти Жамол Абдун Носирнинг Сувайш каналини миллийлаштириши, 1948 йилда Исроилнинг ташкил топиши ва Накба номи билан тарихга кирган фаластинликларнинг зўравонлик билан кўчирилиши ортидан канал бир неча бор ёпилган.

1948 йилдан 1950 йилгача Миср Исроил кемаларининг каналга киришини тўсиб қўйиш орқали унинг Африка ва Осиё билан савдо алоқаларига таъсир қилди ва Форс кўрфази минтақасидан нефт импорт қилиш имкониятини чеклаб қўйди.

Сувайш канали 1956 йилда Исроил, Англия ва Франция иттифоқи томонидан канал устидан назоратни қўлга киритиб, Носирни ҳокимиятдан четлатиш ниятида барча халқаро кема қатновлари учун ёпиб қўйилди.
Каналнинг ёпилиши, айни пайтда, жаҳон савдосига сезиларли ва кутилмаган зарба берди ҳамда глобал тижорат оламида тебранишларга сабаб бўлди.
Сувайш каналига муқобил, айниқса, Ғарбнинг асосий иттифоқчиси бўлган Исроил юрисдикцияси остидаги муқобил канал қурилса, Сувайш канали ва Тиран бўғозининг Миср томонидан Исроил ёки унинг иттифоқчиларига қарши восита сифатида фойдаланиш имконияти йўққа чиқади.

Иқтисодий ютуқлар
Сувайш канали Миср иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Миср канал орқали ўтадиган кемалардан йиғиладиган божлардан катта даромад олади.
2021 йилда Сувайш канали орқали тахминан 20 649 та кема ўтди; бу 2020 йилга нисбатан 10 фоизга кўпдир. 2022 йилда транзит тўловларидан йиллик даромад 8 млрд долларни ташкил этди.
Сувайш канали, 2023 йил 30 июнда тугаган молиявий йилда даромади 9,4 миллиард долларни ташкил қилиб, янги рекорд ўрнатди.
Канал нафақат Мисрга тўғридан-тўғри даромад келтиради, айни пайтда, мамлакатга инвестицияларни ҳам жалб қилади, хизмат кўрсатиш ва саноатни ривожлантиришга туртки бўлади.
Агар Бен Гурион канали қурилса, Сувайш канали билан рақобатлашади ва Миср учун катта молиявий хавф туғдиради.
Агар амалга оширилса, лойиҳа 193,3 километрлик Сувайш каналининг деярли учдан бир қисмини ташкил қилади ва уни ким назорат қилса, глобал нефт, ғалла ва юк ташиш йўналишларида ниҳоятда муҳим таъсир кучини қўлга киритади.

Ғазо қатлиоми ва канал
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳунинг ҳам орзуси бўлган ва Сувайшга муқобил қурилиши режалаштирилган Бен Гурион канали Ғазо-Ашкелон ҳудудидан Қизил денгизгача чўзилади.
Хариталарда кўриниб турганидек, Ғазо минтақада қурилиши мўлжалланаётган иккинчи катта каналнинг ўртасида жойлашган. Қолаверса, Исроилнинг ғазоликларни мажбурий кўчириши ҳам олиб бораётган урушининг мақсадларидан бири шу канал экани ҳақидаги даъвони кучайтиради.

Чунки Исроил Ғазонинг шимолини одамлардан тозалар экан, жанубга томон кўчаётганларни ҳам ўққа тута бошлади. Бу ғазоликларнинг Синай ярим оролига сургун қилиниши ҳақидаги даъволар билан бирга ўқилганида, канал ҳақидаги тахминларда жон борлиги аён бўлади. Мавзу бўйича мутахассислар Исроил ва АҚШ бу лойиҳани амалга ошириш имкониятини кўп йиллардан бери кутаётганини таъкидламоқда.
Хўш, Бен Гурион канали учун қулай вазият юзага келдими? Яқин келажакда минтақада содир бўладиган воқеалар бу саволга жавоб беради.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.