Исроилнинг “медиақоровули” – “CAMERA”
Британия теле-радио корпорацияси (BBC) ўзининг араб хизматида ишлаётган 6 нафар мухбирига нисбатан Исроилга қарши муносабатда бўлганликда айблаб тергов бошлади.
Тергов журналистларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти
билан боғлиқлиги, аниқроғи уларнинг “айби” Фаластинни қўллаб-қувватловчи ва
Исроилни танқид қилувчи контентга "лайк босиб ва улашиш" бўлгани
билдирилди.
Бироқ журналистлар Қатарда жойлашган Ал-Жазира телеканалига
юборган хатида айбловларни рад этишди. Журналистлар, ўз навбатида,
муассасаларини Исроил фойдасига нохолис ён
босганликда айбладилар. Россиянинг Украинадаги уруш жиноятлари ҳақида
иккиланмасдан хабарлар тарқатган BBC Исроил-Фаластин масаласида "тинч
аҳоли масаласида икки томонлама стандартлар"ни қўллагани иддао қилинди.
"BBC Исроилнинг инсониятга қарши жиноятларига танқидий
ёндашмагани учун воқеаларни тўғри ёритмади ва шу сабабли жамоатчиликка Ғазода
содир бўлаётган инсон ҳуқуқлари бузилишини ҳақида тўғри маълумот бера олмади”,
дейилади мактубда.
7 октабрдан бери минглаб фаластинликлар ўлдирилганига диққат
қаратилган мактубда: "Бу рақамлар таҳририятимиз нуқтаи назарини ўзгартира
оладиган даражага етиши учун яна қанчалик ўсиши керак?" деган изтиробли
савол қўйилган.
Хўш, нега BBC журналистларига қарши тергов бошлади?
BBC томонидан тарқатилган баёнотда 6 нафар ходими холислик
ҳақидаги таҳририят қоидаларини бузганликда гумон қилиниб, терговга юборилгани
айтилган.
Исроил расмий муассасалари томонидан BBCга "эшиттириш
сиёсатини ўзгартириш" учун қилган босимидан ташқари яна бир нарса кўзга
ташланади...
"CAMERA"
Қўшма Штатларда 100 мингдан ортиқ аъзога эга бўлган Америка-Исроил Жамоатчилик билан
алоқалар қўмитаси (AIPAC) каби улкан тузилма, бундан ташқари, Исроилни
қўллаб-қувватловчи 51 та турли хил катта-кичик лобби ташкилотлари мавжуд.
Улар орасида Америка оммавий ахборот воситаларига босим
ўтказиш ва Яқин Шарқ билан боғлиқ масалаларни ёритишда ОАВ таҳририятларини назорат (цензура)
қилиш учун масъул бўлган Яқин Шарқ янгиликлари ва таҳлилларини текшириш
қўмитаси (“CAMERA”) ҳам бор.
“CAMERA” ўз фаолияти “Исроил ва Яқин Шарқни тўғри ва
мувозанатли ёритишга” қаратилганини иддао қилади. Хўш, ҳақиқатан ҳам шундайми?
Келинг, BBC очган терговга қайтайлик...
BBCнинг ўз журналистларини терговга юбориш ҳақидаги қарори
“CAMERA” томонидан
тақдим қилинган ва ўз веб саҳифасида нашр қилган “BBC мухбирларининг ижтимоий
тармоқларда Исроил тинч фуқаролари ўлдирилишини оқловчи баёнотлар бергани”
ҳақидаги бир ҳисоботи ортидан қабул қилинди.
Ғазодаги инсоният фожиасига нисбатан "мувозанатли ва холис"
сиёсат юритишини даъво қилган ВВCнинг нашр сиёсати ушбу ҳисоботдан кейин ўзгара
бошлади.
“CAMERA” қандай ташкилот?
Яқин Шарқ янгиликлари ва таҳлилини текшириш қўмитаси 1982 йилда Вашингтондаги ўқитувчи ва ижтимоий хизматлар ходими Винфред Меиселман томонидан Тhе Washington
Post газетасининг Исроил-Ливан уруши ҳақидаги хабарларига, газета мухбирига ва умуман Исроил ҳақидаги қораловларга жавоб бериш учун ташкил этилган. Ташкилотга Вашингтонда яшовчи таниқли сиёсат арбоблари, Сенат аъзолари, журналистлар, элчилар, насроний ва яҳудий руҳонийлари каби машҳур кишилар аъзо бўлди.
“CAMERA” Ғарб ОАВлари яҳудийлар ва Исроил ҳақида чоп этаётган ҳамма нарсани кузатиб боради. Касбий ҳуқуқбузарлик деб ҳисоблаган контент ҳақида ушбу оммавий ахборот воситаларининг масъул шахслари билан боғланиб хабар беради ҳамда уларни тузатишни талаб қилади.
Ташкилот Шимолий Америка, Европа, Исроил, Испания, Жанубий Африка ва Лотин Америкасида “Талабаларни иш
билан таъминлаш лойиҳаси” дастурлар орқали талабаларни курсдошларига “ҳақиқатларни” ўргатишга ундайдиган турли лойиҳаларни амалга оширади. Шу мақсадда ташкилот 1990 йилда университетларда Исроилга хайрихоҳ гуруҳлар ташкил этишга қаратилган “Талабалар шаҳарчасида
“CAMERA” лойиҳасини ҳам йўлга қўйди. Ҳамда университетгача бўлган таълимнинг барча босқичларида Исроилга қарши ва антисемитизм тарғиботига қарши курашга қаратилган “CAMERA” таълим институтига асос солди.
Бошқа томондан, ташкилотда кўрсатувларини "муаммоли" деб билган
"The Guardian", "Тhe Independent" ва "BBC" каби муҳим медиа ташкилотларини кузатувчи махсус бўлим мавжуддир.
Ташкилотнинг Араб оммавий ахборот воситалари департаменти BBC, АFP, CNN ва бошқа Ғарб оммавий ахборот воситаларининг араб бўлимлари билан ҳам ҳамкорлик қилади.