07.03.2024 02:44

Исроилга Лотин Америкаси аэрокосмик кўргазмасида иштирок этиш тақиқланди

Исроил компаниялари апрель ойида Чилида бўлиб ўтадиган FIDAE-2024 ҳарбий ва аэрокосмик техника халқаро кўргазмасида иштирок эта олмайди. Бундай қарор Чили ҳукумати томонидан қабул қилинди, дейилади мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

9 апрелдан 14 апрелгача бўлиб ўтадиган FIDAE-2024 кўргазмаси Лотин Америкасидаги энг йирик ҳарбий ва аэрокосмик кўргазма бўлиб, унда 40 дан ортиқ мамлакат компаниялари иштирок этмоқда.

Аввалроқ Чили президенти Габриел Борик Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини танқид қилган эди. Ноябрь ойида эса Чили Исроилдан элчисини чақириб олди.

FIDAE кўргазмаси ҳар 2 йилда бир марта ўтказилади. Кўргазма биринчи марта 1980 йилда ташкил этилган ва Чили ҳарбий-ҳаво кучларининг машҳурлигини ошириш мақсадида ранг-баранг авиашоу сифатида ўйлаб топилган, ҳозир эса FIDAE Лотин Америкасидаги энг муҳим аэрокосмик кўргазма ҳисобланади.

Дунёнинг этакчи компаниялари глобал авиация саноати билан боғлиқ ўз технологиялари ва хизматларини таклиф қилишади. Иштирокчиларнинг фаолият йўналишлари ҳарбий авиация (43%), фуқаро авиацияси, космик технологиялар (44%), аэродромлар ва ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш учун ускуналар (13%) ташкил этади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.