06.06.2024 08:34

Исроил ва Ливан уруш ёқасидами?

Исроилнинг турли оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига таяниб, янги Исроил-Ливан уруши эҳтимоли ниҳоятда юқори эканлигини хабар қилмоқда. Исроил, шунингдек, Ливанга ҳам Ғазодаги тақдирни - ер юзидан йўқ қилинишини ваъда қилмоқда.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаняху Исроил армияси Ливан билан чегарада кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказишга тайёрлигини маълум қилди, деб ёзади The Times of Israel.
 "Биз шимолда жуда кучли ҳаракатларга тайёрмиз", - дея огоҳлантирди Нетаняху Исроил-Ливан чегараси ҳудудига сафари чоғида.
Ушбу баёнот сўнгги кунларда Ливандан Исроил ҳудудини ўт очишлар кучайиши фонида қилинган. 4 июнь куни мунтазам ўқ узишдан сўнг Исроил шимолида ёнғинлар бошлангани, хусусан, Кирят Шмона шаҳрида уйлар ёниб кетгани хабар қилинган эди.
 “Агар кимдир бизни зиён кўрганимизда жим ўтирамиз деб ўйласа, у жиддий хатога йўл қўйган бўлади”, — дея қўшимча қилди Нетаняху.
 Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ливан ва Исроил чегарасида кескинлик кучайиб бораётганидан жиддий хавотир билдирди ва томонларни кескинликни пасайтиришга чақирди. Бу ҳақда брифингда БМТ раҳбарининг расмий вакили Стефан Дюжаррик маълум қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.