19.09.2024 20:14
Исроил ва "Ҳизбуллоҳ" ўртасида кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланди
Бугун, 19 сентябрь куни босқинчи Исроил кучлари Ливанни фаол равишда бомбардимон қилишни бошлади. Бу ҳақда TRT ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозирда сионистларнинг қирувчи самолётлари Байрут осмонида учмоқда. Ливаннинг "Ҳизбуллоҳ" ҳаракати ҳам жавоб тариқасида ишғол ҳудуди томон ракеталар учирмоқда.
Исроилнинг ҳужуми шиа ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳ пейжерлар ва рацияларнинг портлатилишига жавобан террорчиларга жавоб қайтариш билан таҳдид қилаётган вақтда бошланган. Бу пайтда Исроил ҳарбий ҳаво кучлари "Ҳизбуллоҳ"нинг Ливан жанубидаги позицияларига зарбалар берган.
Шунингдек, Исроил ишғоли остидаги Ғарбий Жалилада ҳам Ливандан тушган ракеталар ва дронлар туфайли электр таъминотида узилишлар кузатиляпти. Ўз навбатида, Исроил қирувчи самолётлари Байрут шаҳри ва унинг жанубий чеккалари устидан учиб ўтиб, жуда паст баландликда бомбардимон миссияларини амалга оширмоқда.
Маҳаллий Ливан матбуоти "Ҳизбуллоҳ"нинг Маргалиот шаҳрига берган зарбаси натижасида 2 нафар исроиллик аскар ҳалок бўлганини ва 16 нафари яраланганини хабар қилди. Тель-Авив ушбу йўқотишларни тан олмаяпти. Шунга қарамай Исроил ОАВлари яраланган исроиллик аскарларни эвакуация қилиш тасвирларини чоп этмоқда.
Айни пайтда "Ҳизбуллоҳ" ҳаракати раҳбари Ҳасан Насруллоҳ Исроилни Ливанга қуруқликдан ҳужум бошлашга чақириб, бу ливанликлар учун қасос олиш йўлидаги “тарихий имконият” бўлишини айтмоқда. Бундан ташқари, у Исроил ҳукумати яҳудий кўчманчиларини ишғол остидаги шимолий вилоятларга қайтара олмаслигига ваъда берди.
Аввалроқ, Исроил армияси бош штаби бошлиғи Герзи Ҳалеви X ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали Ливан билан шимолий чегарадаги уруш режалари тасдиқланганини маълум қилганди.
Исроил мудофаа вазири Йоав Галант мамлакат "урушнинг янги босқичини очаётгани" ва "ресурслар ва кучлар йўналтирилиши туфайли оғирлик маркази шимолга силжиши"ни айтганди.
"Ҳизбуллоҳ" ҳаракати етакчиси эса Исроил томонидан Ливандаги пейжерларнинг портлатилиши "ошкора терроризм, ҳарбий жиноят ёки энг камида уруш эълон қилиш", эканини билдирган.