23.12.2023 11:44

Исроил матбуоти: Тел-Авив Ғазога қуруқликдаги ҳужумларни тўхтатишга тайёрланмоқда

Исроил армияси яқин ҳафталарда Ғазо секторига қуруқликдаги ҳужумларини тўхтатишга тайёрланаётгани билдирилди.

“Операцион муваффақиятларга кўра, Исроил армияси яқин ҳафталарда Ғазодаги урушнинг учинчи босқичига киришга ҳозирлик кўрмоқда”, — дея хабар берди Исроилнинг KAN давлат телевидениеси исмини ошкор қилмаган манбаларига таяниб.

Исроил расмийлари “Учинчи босқич Ғазо секторидаги қуруқликдаги маневрларни тўхтатиш, кучларни қисқартириш, захира кучларни демобилизация қилиш, ҳаво ҳужумларига ўтиш ҳамда Исроил ва Ғазо сектори чегарасида буфер зона яратишни ўз ичига олади”, - деди.

Хабарда, шунингдек, Исроил армияси "Ғазо сектори шимолидаги ҳудуднинг катта қисмини назорат остига олгани, аммо жанубий минтақада олға силжишда катта қийинчиликларга дуч келаётгани" ҳам таъкидланди.

Аввалроқ Исроилнинг “13-канал” телевидениеси Исроил армияси ичидаги «элита» пиёда аскар бригадаларидан бири бўлган Голани ҳарбийлари "сафларини қайта ташкил қилиш ва жонлантириш" учун Ғазони тарк этгани ҳақида хабар берган эди.

Walla сайти эса "70 кундан ортиқ вақт ўтказган ва 44 аскарини йўқотган Голани бригадаси аскарларнинг оилаларини зиёрат қилиш учун бир неча кунга Ғазони тарк этгани"ни қайд этди.

Исроил армияси Ғазо секторига ҳужумлар бошланган 7 октябрдан бери 472 нафар аскари ҳалок бўлгани, улардан 139 нафари қуруқликдаги ҳужумларда ўлганини расман тан олган.

Шунингдек, Ғазо секторида қуруқликдан ҳужумлар бошланган 27 октябрдан бери 784 зобит ва аскар яраланган. Улардан 179 нафари оғир, 302 нафари ўртача, 303 нафари енгил жароҳат олган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.