Исроил матбуоти Голани бригадаси Ғазодан вақтинчалик олиб чиқилишини эълон қилди
Исроил «13-канал» телевидениеси Исроил армияси ичидаги элита пиёда аскар бригадаларидан бири бўлган Голани ҳарбийлари "сафларини қайтадан ташкил қилиш ва жонлантириш" учун Ғазони тарк этганини маълум қилди, дея хабар бермоқда Anadolu.
Walla сайти
эса "70 кундан ортиқ вақт ўтказган ва 44 аскарини йўқотган Голани бригадаси
оилаларини кўриш учун бир неча кунга Ғазони тарк этди", дея хабар қилди.
“12-канал”
телевидениеси Ғазо сектори шарқидаги Шужаийе туманида 9 кун давом этган оғир
тўқнашувдан сўнг Голани бригадаси аскарлари Ғазони тарк этгани, қўмондонлари
подполковник Томер Гринберг ва 8 аскарнинг ҳалок бўлганини маълум қилди.
Хабарда
айтилишича, аскарлар Ғазога қайтиш буйруғини кутмоқда.
Шунингдек,
матбуотда Ғазо шимоли ва жанубида фаолият юритаётган Парашютчилар бригадасининг
батальонлари ҳам Ғазодан олиб чиқиб кетилгани маълум қилинди.
13
декабрь куни Исроил матбуотида чиққан хабарда, Ҳамаснинг ҳарбий қаноти Иззеддин
ал-Қассам бригадалари томонидан Шужаийе туманида уюштирилган пистирмада жуда
кўп аскарнинг ҳалок бўлгани ва яралангани билдирилди.
Исроил
қўшини ўз баёнотида, пистирмада Голани бригадасидан 9 аскар ҳалок бўлгани, 4
нафарининг эса оғир яраланганини маълум қилди.